Ўзбекистонликлар ноёб астрономик ҳодисага гувоҳ бўлишади

Ер Қуёш ва Ой орасидан ўтади ва табиий йўлдошини сояси билан тўсади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 июл – Sputnik.  27 июлдан 28 июлга ўтар кечаси ўзбекистонликлар тўлиқ Ой тутилиши ҳодисасига гувоҳ бўлишади. Юз йилда бир марта содир бўладиган бу ноёб ҳодисани бутун Ўзбекистон ҳудудида кузатиш мумкин бўлади.

Супер Ой дунёнинг турли жойларидан қандай кўринди

Ер Қуёш ва Ой орасидан ўтади ва табиий йўлдошини сояси билан тўсади. Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти ходимларининг маълумот беришича, Ой тутилиши Тошкент вақти билан соат 23:24да бошланади. Қуёш тутилишидан  фарқли ўлароқ, Ой тутилиши пайтида у тўлиқ ҳолда кўриниб туради. Соя Ойга тушиши чоғида у қизил-жигарранг тусга киради, деб хабар бермоқда “Даракчи”.

Ер йўлдоши 28 июл куни соат 3дан 19 дақиқа ўтганида соя остидан тўлиқ чиқади. Ноёб табиат ҳодисасини қуролланмаган кўз билан ҳам кўриш мумкин, аммо астрономлар янада ёрқин таассуротга эга бўлиш учун дурбин ва телескоплардан фойдаланишни маслаҳат беришмоқда.