Ўзбекистон Қаҳрамони Сиёсатхон Абдуллаева вафот этди

Сиёсатхон Абдуллаева пахтачиликда ўзига хос “Андижон мактаби”ни яратган миришкор деҳқонлардан бири эди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 июл – Sputnik. Таниқли пахтакор, уста деҳқон, “Дўстлик” ордени соҳибаси, Ўзбекистон Қаҳрамони Сиёсатхон Абдуллаева 2018 йил 27 июль куни 78 ёшида вафот этди. Бу ҳақда “xs.uz” хабар бермоқда.

Сиёсатхон Абдуллаева 1940 йил 5 ноябрда Андижон вилояти, Олтинкўл туманида туғилган. Андижон Пахтачилик институтини тамомлаган.

Ўз меҳнат фаолиятини 1959 йилда Олтинкўл туманидаги “Намуна” ширкат хўжалиги ишчиси сифатида бошлаган. 1972 — 1978 йиллар Олтинкўл туманидаги “Намуна” ширкат хўжалиги болалар боғчаси тарбиячиси, 1978 — 2006 йиллар Олтинкўл туманидаги “Намуна” ширкат хўжалиги пудратчиси сифатида меҳнат қилди.

2006 йилдан шу кунгача Олтинкўл туманидаги “Олтинкўл водий гулшани” фермер хўжалигига раҳбарлик қилиб келди.

Сиёсатхон Абдуллаева пахтачиликда ўзига хос “Андижон мактаби”ни яратган миришкор деҳқонлардан бири эди. У ўзининг узоқ йиллик фаолияти давомида кўплаб ёшларни тарбиялаган мутахассис, пахта илмининг устаси, деҳқончиликда замонавий технологияларни қўллаган олим сифатида намоён қилди.

Сиёсатхон Абдуллаева 2005 йилда “Дўстлик” ордени, 2008 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан мукофотланган эди.