Мирзиёев: жиноятчиликка қарши курашишда ҳалигача эскича ишлаш тизимидан воз кеча олмаяпмиз

Президент Шавкат Мирзиёев жиноятчиликнинг олдини олиш, давлат идоралари ва жамиятнинг бу борадаги масъулиятини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 июл - Sputnik. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Ахборот маркази Бош прокуратура таркибига ўтказилади, навбатчилик қисмлари республика бўйича ягона ахборот ва бошқарув тизимига бирлаштирилади, ҳуқуқбузарликларни рўйхатга олишнинг электрон тизими жорий қилинади. 

Президент Шавкат Мирзиёев жиноятчиликнинг олдини олиш, давлат идоралари ва жамиятнинг бу борадаги масъулиятини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ана шундай топшириқ берди. Йиғилишда парламент ва ҳукумат аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари қатнашди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

“Агар ҳамма бирдек жон куйдириб, оилалар муаммоларидан тўлиқ хабардор бўлиб, уларни ҳал этишга кўмаклашган, жиноятчиликнинг барвақт олдини олганда эди, бугун натижалар умуман бошқача бўларди. Афсуски, жиноятчиликка қарши курашишда ҳалигача эскича ишлаш тизимидан воз кеча олмаяпмиз. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бу фаолиятга кўрсаткичларни олдинги давр билан таққослаш орқали баҳо бериб келмоқда. Аслида битта бўлса ҳам жиноят бўлгани ҳаммамизни ташвишга солиши керак”, деди Шавкат Мирзиёев.

Тошкент шаҳрида жиноятчиликка қарши курашнинг янги услублари жорий этилмоқда

Шунингдек, ҳар бир ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш фаолияти рейтингини жорий этиш вазифаси қўйилди. Рейтингда юқори ўрин олган раҳбар ва ходимлар мукофотланади, паст ўрин олганлар эса қатъий жазоланади.

Йиғилишда йўл-транспорт ҳодисалари кўпайиб бораётганига алоҳида эътибор қаратилди.

Жорий йилнинг 6 ойида рўй берган шундай ҳодисаларнинг 871 тасида 943 нафар одам ҳалок бўлган, яна кўплаб инсонлар жароҳатланган. Ҳайдовчи ва пиёдаларнинг билими, қоидаларга итоаткорлиги ва йўл ҳаракати иштирокчиларига ҳурмати пастлиги бунга сабаб бўлган.

Шу боис 2018-2022 йилларга мўлжалланган йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси тўлиқ ва сифатли бажариш, автотранспорт бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олиш ва йўл ҳаракати қоидаларини қасддан бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.