Тошкент шаҳар ИИББ тадбиркор калтаклангани ҳақидаги хабарни рад этди

Аввалроқ ОАВда "Интеграл Инвест" корхонаси раҳбарини қўлга олиш чоғида у ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан калтаклангани ҳақида хабар тарқалганди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 июл - Sputnik. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан тадбиркор Жаҳонгир Умаров калтаклангани ҳақидаги хабарни рад этди.

Аввалроқ ОАВда "Интеграл Инвест" корхонаси раҳбарини қўлга олиш чоғида у ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан калтаклангани ҳақида хабар тарқалганди.

"Умаров ишлайдиган офисда ўтказилган тезкор тадбирлар чоғида унинг ёнидан умумий оғирлиги 10,22 грамм бўлган “опий” гиёҳвандлик моддаси аниқланган ва мусодара қилинган. Қўлга олиш чоғида унинг танасида гематомалар ва тирналган излар аниқланган, бу қўлга олинган шахснинг ҳужжатли тушунтириши билан тасдиқланади", – дейилади ШИИББ хабарида.

Ушбу ҳолат юзасидан жиноий иш очилди. Дастлабки тергов давомида Умаровнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 276-моддаси, 2-қисми, а-банди (Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) бўйича белгиланган.