Актриса Фарангиз Режаметова ЙТҲ оқибатида вафот этди

У Зулфиқор Мусоқовнинг “Ойижон” фильмида бош ролни ижро этган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 июл – Sputnik. Зулфиқор Мусоқовнинг “Ойижон” фильмидаги бош рол ижрочиси, актриса Фотима Режаметованинг қизи Фарангиз Режаметова (Жамолхонова) 20 июль куни йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этди. Бу ҳақда журналист Шоҳира Ҳамро Facebookдаги саҳифасида маълум қилди.

“Ўлим ёш танламас экан. Фожеа қачон, қай маҳал бошингга кулфат ёғдиришини билмас экансан. Бугун кутилмаган авто фалокат ҳаммамиз таниган, "Ойижон" фильмидаги ролидан кейин севиб қолган истеъдодли актриса, Фарангиз Режеметова(Жамолхонова)ни орамиздан олиб кетди. Бу кун унинг ҳаётига нуқта қўйилган кун бўлиб қолди.Бу гапларни ёзаяпману... Фарангизнинг болалигидан то шу кунга қадар таниган, билган чоғларим кўз олдимдан ўтаяпти. Биз у билан ўтган ҳафта худди шу куни Самарқандда, "Саховат-шоу" кўрсатувида съёмкада эдик. У билан Фарангиз ҳали жуда кичкиналигида, Миллий театр таркибида, Москвада ҳам гастролда бўлганмиз. У кичкиналигиданоқ жуда мустақил қизалоқ эди. Кўзларида бир дунё орзу-умидлар бор эди”, деб ёзади журналист.

Шоҳира Ҳамронинг маълум қилишича, Фарангиз Режаметова 21 июль куни соат 11:00 да сўнгги йўлга кузатилади.