Савицкий музейидан қайғули хабар

Ёнғин ўчириш тизимининг ўз-ўзидан ишлаб кетиши натижасида музей дурдоналаридан бири ҳисобланган расм жиддий шикастланган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 июл – Sputnik. Бугун эрталаб Қорақалпоғистондаги Савицкий номли музейдан қайғули хабар келди, деб ёзади ўзининг Facebookдаги саҳифасида Мурат Сарсенов.

Ёнғин ўчириш тизимининг нотўғри ишлаб кетиши оқибатида, музейнинг энг машҳур асарларидан бири – Александр Шевченконинг “Баба с вёдрами” номли картинаси жиддий шикастланган.

“Баба с вёдрами” ҳақида икки оғиз сўз

Александр Шевченконинг неопримитивизм услубида чизилган ушбу санъат асари Нукус музейининг энг асосий ва таниқли экспорнатларидан бири бўлган. Айнан шу сабабдан ушбу расм кўплаб кўргазмаларга олиб борилган ва намойиш этилган. Марказий Осиё маданий меъроси обсерваторияси – халқаро нодавлат, нотижорат ташкилот – Alerte Heritage ёзишига кўра, расмнинг бугунги кундаги ўртача нархи 1,5 миллион доллар атрофида.

Музей нима дейди?

“Интернетда кўплаб пайдо бўлаётган хабарларга нисбатан шуни маълум қиламизки, 15 июлдан 16 июлга ўтар кечаси 2 – экспозиция блокининг 3 – этажида ўт ўчириш тизимининг сув сепадиган мосламаларидан бири (спринклер) ўз ўзидан ишлаб кетиши оқибатида А.Шевченконинг “Баба с вёдрами” картинаси майда сув заррачаларидан зарар кўрган. Санъат асарининг айрим жойлари холстдан ажралиб, шикастланган. Музей мутахассисларининг дастлабки хулосасига кўра, уни қайта тиклашнинг иложи бор. Айни дамда музей маъмурияти ушбу саъат асарини қайта тиклаш учун юқори малакалари мутахассисларни жалб қилиш учун музокаралар олиб бормоқда”, - дейилган музей расмий хабарида.

Қайта тиклаш мумкин-ми?

Alerte Heritage мутахассислари ёзишига кўра, расм мойли бўёқ билан чизилгани сабабли унга сепилган сув катта зарар етказа олмайди, лекин вазиятнинг хавфли жиҳати шундаки, расм чизилган мато (холст) ҳўл бўлиб тезда қуриши буёқнинг ундан ажралишига олиб келиши мумкин. Айни дамда вазият қанчалик жиддийлигини билишнинг иложи йўқ, чунки музей шикастлаган расмнинг фотосуратини эълон қилгани йўқ.

Ўзбек маданиятининг бебаҳо дурдоналарини асраб қолиш масаласи муҳокама қилинди

Савицкий номли Нукус санъат музейидан олинган ушбу қайғули хабар ягона эмас. Бундан бир неча ой олдин музей омборхонасида сақланаётган Николай  Караханнинг “Ночной намаз” номли картинаси ҳам чириб кетиши оқибатида яроқсиз аҳволга келгани ҳақида хабар тарқалган эди.

Афсуски, Ўзбекистоннинг бошқа музейларида вазият бундан яхши эмас. Хусусан, тошкентлик рассом Бобур Исмоилов Тошкент Санъат музейида қимматбаҳо меърос ҳисобланган санъат дурдоналари иссиқда қуриб ёрилиб ётгани ва музей хоналарда керакли намлик ва ҳароратни сақловчи мосламалар ўрнига тоғораларга солинган сувдан фойдаланилаётгани ҳақидаги ҳикоя билан қуйида танишишингиз мумкин.