“Ўзбектелеком” интернет канал тарифларини пасайтирди

Компания “Интернет охирги истеъмолчи учун учун арзонроқ бўладими?“ деган саволга ҳам жавоб берган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 июл – Sputnik. 2018 йил 10 июлдан Халқаро пакетли коммутация марказига уланган оператор ва провайдерларга Интернет-канал тарифлари 1 Мбит/с учун 244 958 сўмдан 176 682 сўмга пасайтирилди, деб хабар берди “Ўзбектелеком” матбуот хизмати.

Шунингдек, Транспорт магистралини эксплуатация қилиш маркази орқали уланган Ўзбекистон Республикаси оператор ва провайдерларига ҳам, сиғим ва ҳудудидан қатъий назар, Интернет канал учун нархлар пасайтирилиб, компания томонидан ягона тариф белгиланди.

“Аввалроқ, тариф 1 Мбит/с учун уланиш ҳудуди ва канал сиғимидан келиб чиққан ҳолдан 410 000 сўмдан 309 550 сўмгача нархланар эди. 12 июлдан бошлаб ҳудуди ва сиғимидан қатъий назар 1 Мбит/с учун тариф нархи 265 000 сўмни ташкил қилади”, - дейилади хабарда.

Компания “Интернет охирги истеъмолчи учун учун арзонроқ бўладими?“ деган саволга ҳам жавоб берган. Маълум қилинишича, истеъмолчилар учун Интернетнинг охирги нархига таъсир қилувчи қатор омиллар мавжуд бўлиб, ҳар бир провайдер тақдим этувчи хизматларининг нархларини мустақил равишда белгилайди.