Ўзбекистонда давлат божи ставкалари ўзгартирилди

Иқтисодий судларга киритиладиган мулкий тусдаги даъво аризаларидан - даъво баҳосининг 2 фоизи (олдин – 1 фоиз) миқдорида, лекин энг кам ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда бож ундирилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 июл — Sputnik. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 17 июлдаги қарори билан Давлат божи ставкаларига ўзгартиришлар киритилди, деб хабар қилди Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" канали.

Ўзбекистонда ишсизларга гаровсиз кредит берилади

Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, эндиликда фуқаролик ишлари бўйича судларга бериладиган аризалардан қуйидаги миқдорларда бож ундирилади:

- мулкий тусдаги даъво аризаларидан - даъво баҳосининг 4 фоизи (олдин – 2 фоиз) миқдорида, бироқ энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари (олдин – 50 фоиз) кўп бўлмаган миқдорда;

- никоҳни бекор қилиш ҳақидаги даъво аризаларидан - энг кам иш ҳақининг 2 баравари (олдин – 50 фоиз) миқдорида;

- такрорий никоҳни бекор қилиш ҳақидаги даъво аризаларидан - энг кам иш ҳақининг 4 баравари (олдин – 120 фоиз) миқдорида;

- уй-жойларни ижарага олиш шартномасини ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги даъво аризаларидан, ворисликни қабул қилиш муддатини узайтириш ҳақидаги, хатланган мулкни қайтариб бериш тўғрисидаги ва мулкка оид бўлмаган тусдаги (ёки баҳоланмайдиган) бошқа даъво аризаларидан - энг кам иш ҳақининг 2 баравари (олдин – 50 фоиз) миқдорида;

- алоҳида кўриладиган ишлар бўйича ариза (шикоят)лардан - энг кам иш ҳақининг 1 баравари (олдин – 10 фоиз) миқдорида.

Иқтисодий судларга киритиладиган мулкий тусдаги даъво аризаларидан - даъво баҳосининг 2 фоизи (олдин – 1 фоиз) миқдорида, лекин энг кам ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда бож ундирилади.