Ўзбекистонда Wi-Fi тармоғидан фойдаланувчининг шахсини тасдиқлаш мажбурий бўлди

Фойдаланувчи ўз шахсини мобил телефон рақамлари орқали ёки шахсни тасдиқловчи ҳужжатдаги маълумотлар (чипта, меҳмонхонадан рўйхатдан ўтиш маълумотлари) орқали тасдиқлаши мумкин.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 июл – Sputnik. Янги таҳрирдаги Интернет хизматларини кўрсатишнинг янги тартибида очиқ Интернет тармоғидан фойдаланиш бўйича талабга мувофиқ, ҳар бир фойдаланувчи очиқ Интернет тармоғидан фойдаланаётганда шахсини тасдиқлаши зарур, деб хабар берди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати.

Хабар қилинишича, Адлия вазирлиги томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг “Маълумотлар узатиш тармоқлари, жумладан янги таҳрирдаги Интернет хизматларини кўрсатиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи рўйхатга олинди.  

Тошкент метросида Wi-Fi хизмати ишга туширилди

Янги киритилган тартиб-қоидага кўра, фойдаланувчи ўз шахсини мобил телефон рақамлари орқали ёки шахсни тасдиқловчи ҳужжатдаги маълумотлар (чипта, меҳмонхонадан рўйхатдан ўтиш маълумотлари) орқали тасдиқлаши мумкин. Фойдаланувчи мобил телефони орқали шахсини тасдиқламоқчи бўлса, чекланган муддатда фаолият кўрсатувчи (10 дақиқадан кўп бўлмаган) ҳамда фойдаланувчининг телефон рақамига СМС-хабар тарзида юборилган бир марталик кириш пароли (OTP – One Time Password) дан фойдаланилади.

Wi-Fi хизмати ташкилотчиси фойдаланувчининг телекоммуникация тармоқлари орқали узатилаётган шахсий маълумотлари ҳамда хабарларининг махфийлигини таъминлаши шарт. Мазкур ҳолат бўйича чекловлар қонунчиликда кўзда тутилган ҳолатларда амал қилиши мумкин.

 Wi-Fi хизматларининг сифатли кўрсатилиши устидан назорат Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги қошидаги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси зиммасига юклатилади.