Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбийлари ҳамкорликдаги биринчи ўқув машғулотини ўтказди

Ўқув машғулотнинг иккинчи босқичи Ўзбекистон Республикаси Марказий ҳарбий округидаги “Фориш” тоғ дала ўқув маркази базасида ўтказилиши режалаштирилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 июл - Sputnik. Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбийларининг ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқув машғулоти ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

"Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов бошчилигидаги ҳарбий делегациянинг Қозоғистонга расмий ташрифи доирасида икки мамлакат махсус операция кучлари бўлинмаларининг “Ерик дала” ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқув машғулоти ўтказилди", - дейилади хабарда.

Ўзбекистонлик ҳарбийлар "Халқаро армия ўйинлари-2018"га тайёр

Ўқув машғулотлари жараёнида Қозоғистон ва Ўзбекистон махсус операция кучлари бўлинмалари томонидан тунги вақтда ўқув-жанговар разведка ҳаракатлари амалга оширилди. Учувчисиз учиш аппарати комплекси ёрдамида ўтказилган ҳаво разведкаси давомида 2500 метр баландликдан шартли ноқонуний қуролланган гуруҳ аниқланиб, бир жуфт Су-30 СМ ёрдамида йўқ қилинди. Шартли душманнинг эҳтимолий ҳаракат маршрути йўналишида 2000 метр баландликдан мақсадли ҳужум уюштирилди. Зарбалар, шунингдек, авиация ёрдамида ҳам ўтказилди.

Машғулотларни Азизов билан биргаликда Қозоғистон мудофаа вазири генерал-полковник Сакен Жасузаков ҳам кузатди.

Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов ҳамкорликдаги машғулотларни мунтазам ташкиллаштириб туриш икки мамлакат армиясининг ривожида аҳамиятли бўлишини таъкидлади.

Ўқув машғулотнинг иккинчи босқичи Ўзбекистон Республикаси Марказий ҳарбий округидаги “Фориш” тоғ дала ўқув маркази базасида ўтказилиши режалаштирилган.