Ўзбекистон ва Қатар савдо ва транспорт алоқаларини ривожлантиришга келишиб олди

Учрашувда транспорт ва коммуникация тизимини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 июл – Sputnik. Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлигида Қатар Савдо-саноат-палатаси юридик бошқарма бошлиғи Абдулазиз ал-Қувари бошчилигидаги Қатар давлати делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Томонлар икки томонлама савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

“Учрашувда экспортни ривожлантириш, хусусан, автомобиллар ва юк машиналари, электр товарлар, кимёвий моддалар, шунингдек, янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари каби Қатарга бир қатор маҳсулот етказиб бериш имконияти бўйича фикр-мулоҳазалар билдириб ўтилди”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, учрашувда транспорт ва коммуникация тизимини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида томонлар савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирларни давом эттиришга келишиб олдилар.