Ўзбекистонда "тонировка" масаласида қарор қабул қилинди

2018 йил 1 августдан қорайтирилган ойнали енгил автотранспорт воситаларидан пулли асосда фойдаланишга рухсат берилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 июл — Sputnik. Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида Ҳукумат қарори қабул қилинди, деб хабар қилди Адлия вазирлиги "Ҳуқуқий ахборот" канали.

Ўзбекистонда йўловчи ташувчи транспортда видеорегистратор ўрнатилиши мажбурий бўлади

Ушбу қарорга мувофиқ:

-  2018 йил 1 августдан қорайтирилган ойнали енгил автотранспорт воситаларидан пулли асосда фойдаланишга рухсат берилди;

-  ойналарни қорайтириш Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги "Инновация лойиҳалари ва аҳолига сервис хизматлари кўрсатиш маркази" ДУК томонидан амалга оширилади;

-  ойналарни қорайтириш учун Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ)дан рухсатнома (1 йилга берилади) олиш керак;

-  орқа ойнани ёруғлик ўтказувчанлик беш фоиздан кам бўлмаган (95 фоизга қорайтириш), орқа ён ойналарни ёруғлик ўтказувчанлик 30 фоиздан кам бўлмаган (70 фоизга қорайтириш) даражада ўзгартириш мумкин;

-  олд ойнанинг тепа қисмини 14 см дан кўп бўлмаган ва ёруғлик ўтказувчанлик 30 фоиздан кам бўлмаган шаклда ўзгартириш учун рухсатнома шарт эмас;

-  хорижий давлатларнинг ойналари қорайтирилган енгил автотранспорт воситаларини Ўзбекистонга вақтинча кириши ва транзит ҳаракатланиши учун 15 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади.

Қорайтиришга рухсатнома берганлик учун тўловлар:

- жисмоний шахсларга энг кам иш ҳақининг 90 баравари (16 587 000 сўм);

- юридик шахсларга энг кам иш ҳақининг 120 баравари (22 116 000 сўм);

- хорижий давлатлар юридик шахсларига энг кам иш ҳақининг 140 баравари (25 802 000 сўм).