Ашрафхонов Марказий Осиё давлатлари қандай масалаларни муҳокама қилмоқчилигини айтди

Ўзбекистоннинг Россиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхоновнинг айтишича, минтақа мамлакатлари муҳим масалаларни муҳокама қилиши режалаштирилган қатор анжуманлар бўлиб ўтади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 июл – Sputnik. Ўзбекистоннинг Россиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов минтақа мамлакатлари муҳим масалаларни муҳокама қилиши режалаштирилган қатор анжуманлар бўлиб ўтишини маълум қилди.

Хусусан, дипломатик миссия раҳбари Қирғизистонда Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари илгари эришилган келишувларнинг амалга оширилиши қандай бораётганлигини муҳокама қилишларини билдирди.

"Йил охирига қадар жуда кўп учрашувлар режалаштирилган. Масалан, августда Оролни қутқариш Халқаро фонди таъсисчи-давлатлари раҳбарларининг саммити бўлиб ўтади, кузда эса Тошкентда транспорт соҳаси вакиллари, жумладан ШҲТга аъзо давлатлар темирйўл компаниялари йиғилишади. Октябр охирида биринчи Марказий Осиё иқтисодий форуми ва минтақа мамлакатлари аналитик марказлари форумини ўтказиш режалаштирилган", — деди элчи.

У барча бўлажак учрашувларда томонлар умумий масала ва муаммоларни кўриб чиқишлари ва муҳокама қилишларини ҳамда минтақа тараққиёти учун аниқ таклифлар беришларини билдирди. Марказий Осиё бешлиги мазкур ташаббусларни халқаро майдонда – МДҲ, ШҲТ ва БМТда илгари суради.

Бундан ташқари, 2019 йил баҳорда Тошкент Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи маслаҳатлашув учрашувига мезбонлик қилади. Унда минтақа давлатларининг барча раҳбарлари, жумладан Остонадаги музокараларга ташриф буюра олмаган Туркманистон президенти ҳам иштирок этиши кутилмоқда.