Экспертлар тонировка учун тўлов миқдорини камайтиришни таклиф қилишди

Экспертлар ушбу хизмат барча учун қулай, ижтимоий тенглик тамойилидан келиб чиқиб, адолатли амалга оширилиши мақсадга мувофиқ бўлишини билдирган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 июл – Sputnik. “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чоралари тўғрисида”ги  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси бўйича ўз фикрларини билдиришди.

“Таҳлиллар натижасида мазкур ҳужжат лойиҳаси юзасидан қуйидаги энг кўп муҳокама қилинаётган масалалар аниқланди: транспорт воситаси ойнасининг тусини ўзгартириш учун рухсатнома олишга белгиланган миқдордаги тўловнинг амалга оширилиши, яъни бу хизмат бепул эмаслиги, туси ўзгартирилган ойнали транспорт воситасидан фойдаланиш учун тўланадиган тўлов миқдорининг ўта юқорилиги ҳамда фойдаланиш муддатининг қисқалиги”, - дейилади марказ сайтида.

Ўзбекистонда машина ойнасини қорайтиришга рухсат берилади: тўлови 15,5 миллион сўм

Ҳужжат лойиҳасига кўра, ушбу хизматдан фойдаланиш учун тўлов миқдори жисмоний шахсларга энг кам ойлик иш ҳақининг 90 баравари (16 млн 587 минг сўм), юридик шахсларга 120 баравари (22 млн 116 минг сўм), чет давлатларнинг юридик шахсларига 140 баравари (25 млн 802 минг сўм) миқдорида қилиб белгилаш таклиф этилган.

“Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари Ички ишлар вазирлиги томонидан таклиф этилаётган тартибнинг жорий этилиши фуқаролар томонидан эътирозларга сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида фикр билдиради. Жумладан, аҳолининг барча қатламлари ушбу хизматдан молиявий сабаблар натижасида бирдек фойдалана олмаслигига олиб келади. Хусусан, белгиланган тўлов миқдори ўртача 2 млн. сўм ойлик маош олувчи ўқитувчи, шифокор ёки бошқа бюджет ташкилоти хизматчисининг 9 ойлик маошининг миқдорига тўғри келади. Пенсионерлар эса бу хизматдан деярли фойдалана олмайди.

“Шунингдек, йилда бир маротаба туси ўзгартирилган ойнали транспорт воситаларидан фойдаланиш учун рухсатнома олиш учун мурожаат қилиш – навбатдаги бюрократия омилларининг пайдо бўлишига олиб келмайдими?”, - дейилади экспертлар таҳлилида.

Таҳлилда билдирилишича, қатор ривожланган давлатлар, хусусан, орқа ва ён орқа ойналари 100 фоиз туси ўзгартирилган транспорт воситаларидан фойдаланишга Буюк Британия, Германия ва Испанияда рухсатнома рақамига ва ойна туси ким томонидан ўзгартирилганлиги ҳақидаги маълумотни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиш шарти билан, Бельгия, Чехия, Франция, Италия, Польшада эса туси ўзгартирилган ойна сертификатланган бўлиши шарти билан бепул рухсат этилади. Бу ҳолат йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи сабаб ва омиллар сифатида умуман қаралмайди. Аксинча, транспорт воситасига кирадиган қуёш нурларидан ҳимояланиш, орқадан келаётган транспорт воситасининг чироқ нурларини қайтариш сифатида қаралади.

Автомобил ойнасини қорайтириш учун тўловнинг тахминий нархи айтилди

Пуллик рухсат бериш тизими мавжуд бўлган мамлакатлардан қўшни Қирғизистонда транспорт воситаси орқа ва ён орқа ойналарини тусини ўзгартиришга рухсат олиш учун тўлов бир йилга 200 АҚШ долларига тенг миқдорда ҳамда Тожикистонда бир йилга 310 АҚШ долларига тенг миқдорда ундирилиши белгиланган. Бу эса Ўзбекистонда таклиф этилаётган тўлов миқдори билан таққослаганда Қирғизистондан деярли 20 бараварга, Тожикистондан қарийб 7 бараварга қиммат дегани.

Экспертлар ушбу хизмат барча учун қулай, ижтимоий тенглик тамойилидан келиб чиқиб, адолатли амалга оширилиши мақсадга мувофиқ бўлишини билдирган.

“Туси ўзгартирилган ойнали транспорт воситаларидан фойдаланиш учун белгиланадиган тўлов қийматининг юқорилиги иқтисодий жиҳатдан ушбу хизматдан фойдаланишдан келиб тушадиган маблағ миқдорининг камайишига олиб келади. Аксинча, тўлов миқдорини камайтирган ҳолда, хизматдан фойдаланувчилар сонини ошириш мақсадга мувофиқ бўлади”, - дейилади экспертлар томонидан.