Тошкентда хлор сизиб чиқиши оқибатида бир киши вафот этди, 18 киши жабрланди

Бектемир туманидаги саноат ҳудудида жойлашган корхоналардан бирида хлор билан ишлаш жараёнида хлор моддаси контейнерида ёрилиш содир бўлган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 июл - Sputnik. Тошкентда хлор моддаси контейнерида ёрилиш содир бўлиши натижасида бир киши вафот этди, 18 киши заҳарланди, деб хабар берди Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати.

Вазирликнинг билдиришича, 14 июл куни соат 02:30 ларда Бектемир туманидаги саноат ҳудудида жойлашган корхоналардан бирида хлор билан ишлаш жараёнида хлор моддаси контейнерида ёрилиш содир бўлган.

"Натижада, 1 нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган, 18 нафар ишчилар хлор моддасидан заҳарланиш ташҳиси билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент вилояти филиалига жойлаштирилди", - дейилади вазирлик хабарномасида.

Хабарда айтилишича, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент вилояти филиалига ётқизилган 13 нафар ёлланма ишчилар соғлиги тўлиқ тикланганлиги сабабли 14 июл куни соат 10:30да уйларига рухсат берилган.