Узун туманида афғонистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда интенсив боғ яратилади

Жорий йилда ҳудудни ривожлантириш мақсадида 161 та лойиҳа ишлаб чиқилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 июл – Sputnik. Сурхондарё вилоятининг Узун туманида афғонистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда интенсив боғ яратилади. Бу ҳақда туман ҳокими ўринбосари Ш.Мақсудов Халқ депутатлари Узун туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи йиғилишидаги ҳисоботида маълум қилди.

Ҳисоботда таъкидланишича, жорий йилда ҳудудни ривожлантириш мақсадида 161 та лойиҳа ишлаб чиқилган.

“Термиз шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро бизнес-форумда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш мақсадида Россия, Афғонистон ва Тожикистон тадбиркорлари билан умумий қиймати 8110 минг долларлик ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Айни чоғда афғонистонлик тадбиркорлар билан 50 гектар ер майдонга интенсив боғ яратиш ишлари олиб борилмоқда”, - деди Ш.Мақсудов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Афғонистонга чегара олди савдосини ривожлантириш, транзит қилиш учун қулай шароит яратиш ҳамда тариф ва божларни камайтиришни таклиф қилганди.