ТОШКЕНТ, 12 июл — Sputnik. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 38 сессиясида Юнусобод тумани ҳудудида жойлашган Бодомзор йўли кўчасига буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов номини бериш тўғрисида қарор қабул қилинди, деб хабар қилди Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 2018 йил 2 апрелдаги "Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорида Чингиз Айтматов хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига адиб номини бериш белгиланганди.
"Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, айни пайтда, бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо, Ўзбекистоннинг улкан дўсти эди", — деб қайд этилган президент қарорида.