Ўзбекистонликлар МДҲ давлатлари валюталарида ҳисоб рақамлари очишлари мумкин бўлади

Аввалроқ Ўзбекистонда Қозоғистон банки очилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар қилинганди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 июл — Sputnik. Ўзбекистон банкларида яқин вақт ичида МДҲ мамлакатлари миллий валюталарида ҳисоб рақамлари очиш мумкин бўлади, деб хабар берди Молия вазирлиги матбуот хизмати.

Бу борада бош вазир ўринбосари,  молия вазири Жамшид Қўчқоров Россия Давлатлараро банки делегацияси вакиллари билан учрашувда келишиб олди.

"Хусусан, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича дастлабки қадам сифатида МДҲ мамлакатлари миллий валюталарида ўзаро корреспондентлик рақамларини очиш имконияти муҳокама қилинди", - дейилади хабарда.

Тўловларни амалга оширишда Давлатлараро банк тўловчининг мамлакати миллий валютаси олувчининг мамлакати миллий валютасига конверсия қилинишини таъминлайди.

Аввалроқ Ўзбекистонда Қозоғистон банки очилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар қилинганди.