ТОШКЕНТ, 10 июл — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси делегацияси 9 июл куни “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” учрашувида иштирок этди, деб хабар берди ТИВ матбуот хизмати.
Сиёсат ва хавфсизлик бўйича юқори даражали мулоқот Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтди.
Ўзбекистон делегациясига ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов бошчилик қилди.
"2017 йил июн ойида Бишкек шаҳридаги Мулоқотнинг сўнгги мажлиси ҳамда 2018 йил март ойида Тошкент шаҳридаги вазирларнинг норасмий учрашувида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни, “ЕИ - МО” шаклида турли даражаги бўлажак учрашувлар жадвали ва кун тартиби муҳокама қилинди", - дейилади хабарда.
Учрашувда терроризм билан кураш ва зўравонлик экстремизмини олдини олишда ҳамкорликни фаоллаштириш чоралари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, делегациялар томонидан чегарани бошқариш, наркотикларнинг ноқонуний айланиши ва уюшган жиноятчилик билан кураш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари ҳамда минтақавий экологик муаммолар кўриб чиқилди.