Тошкентдаги "Малика" савдо мажмуасида пичоқбозлик рўй берди

Гумонланувчининг сўзларига кўра, жанжал унинг синглиси ва жабрланувчи ўртасидаги келишмовчилик оқибатида юз берган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 июл — Sputnik. Шайхонтоҳур туманидаги “Малика” савдо мажмуасида сотувчи ва харидор ўртасида пичоқбозлик содир бўлди. Тошкент шаҳар ИИББ мазкур ҳодисага изоҳ берди, деб ёзади Спутник мухбири.

Ҳодиса 8 июл куни содир бўлган. Келишмовчилик оқибатида харидор сотувчининг кўкрак қисмига пичоқ уради. Сўнгра ўзининг “Нексия” русумли машинасида воқеа жойидан қочиб кетади.

Андижонда йўловчи ҳайдовчига пичоқ урди

Жабрланган сотувчи тиббий ёрдам сўраб Юнусобод туманидаги 7-шаҳар клиник касалхонасига мурожаат қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Тезкор суриштирув ишлари натижасида гумонланувчининг шахси ва бошқарувида бўлган автомобил давлат рақами аниқланди. Гумондор қўлга олинган бўлиб, у илгари судланганлиги хабар қилинмоқда.

Гумонланувчининг сўзларига кўра, жанжал унинг синглиси ва жабрланувчи ўртасидаги келишмовчилик оқибатида юз берган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.