Тошкент автобусларида йўловчиларга бепул сув тарқатилди

Куннинг энг иссиқ вақтларида Тошкент автобусларида йўловчиларга бепул ичимлик суви тарқатила бошлади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 июля – Sputnik. Ҳаво ҳарорати 40 даражадан ортиқ бўлиши туфайли, Тошкен автобусларида йўловчиларга бепул сув тарқатила бошлади, деб хабар қилмоқда “Тошшаҳйўловчитранс” матбуот хизмати.

“Тошкент шаҳрида об-ҳавонинг кескин исиб кетиши сабабли, кунниг энг иссиқ вақтларида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ таркибидаги автокорхоналар раҳбарияти ташаббуси билан, имкон даражасида, йўналиш автобусларида йўловчиларга бепул салқин ичимлик сувлари таклиф қилинмоқда”, — дейилган расмий хабарда.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзгидромет” ушбу кунларда Ўзбекистон ҳудудига ғайритабиий даражада иссиқ об-ҳаво келишини хабар қилган эди. Эрон ва Туркманистон томонидан эсаётган иссиқ шамол туфайли,  10 – 13 июл кунлари ҳаво ҳарорати ўртача йиллик кўрсатгичлардан 5-7 даража иссиқ бўлиши, Тошкент шаҳрида эса ҳаво даражаси +40…+43 гача чиқиши мумкинлиги хабар қилинган эди.