ТОШКЕНТ, 10 июл — Sputnik. Ўзбекистон халқ таълими вазири Самарқанд вилоятида бўлди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Шерзод Шерматов президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан 4 июль куни Самарқанд вилоятидаги таълимни такомиллаштириш бўйича жорий ҳолатни ўрганди ва вилоятдаги мактаб таълими бўйича тизимли камчиликлардан ташвишга тушди.
"Шунингдек, бир қатор мактаблар ачинарли аҳволда эканлиги, 35-45 йиллар давомида капитал таъмирланмагани, жорий таъмир учун ҳам маблағлар чекланган миқдорда бир неча йил аввал ажратилгани маълум бўлди", - дейилади хабарда.
Бундан ташқари, 18 та мактаб тўлиқ реконструкцияга, 349 та мактаб капитал таъмирга муҳтож, 336 та мактабда жисмоний тарбия дарсларини ўтиш ва ўқувчиларни спорт билан шуғуллантириш учун спорт заллари мавжуд эмас, 629 та мактаб ҳудудининг атрофи ўралмаган, натижада ўқувчи-ёшлар хавфсизлиги етарлича таъминланмаган. 474 та мактабда таълим олувчилар сони мактаб сиғимидан 50 % га ортиқ, бунинг натижасида ўқув жараёни икки навбатда ўтказилаётгани таълим жараёнига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Халқ таълими вазири ўқитувчиларга сабрлари учун, барча муаммо ва қийинчиликларга қарамай, ёш авлодга таълим-тарбия беришдаги фидокорона меҳнатлари учун чуқур миннатдорчилик изҳор этди.
У Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғига ўз фаолиятини қайта кўриб чиқиш ва энг муаммоли масалалар бўйича тезкор чоралар кўриш вазифасини топширди.