ТОШКЕНТ, 8 июл — Sputnik. Ўзбекистонлик актёр Карим Мирҳодиев Остонада бўлиб ўтган XIV "Евразия" халқаро кинофестивалида “Энг яхши эркак роли” номинациясида ғолиб деб топилди, деб хабар берди Sputnik мухбири.
Бу йилги фестивалга Ўзбекистондан Кинематографияни ривожлантириш маркази ва Ёш кинематографлар кенгаши вакиллари, режиссёрлар Рашид Маликов ва Жаҳонгир Қосимов, актёрлар Карим Мирҳодиев, Алишер Узоқов, Акбар Расулов, Шаҳзода Матчоновалардан иборат йирик делегация ташриф буюрди.
Кинофестивалнинг асосий танловида иштирок этган 12 фильм орасида Рашид Маликовнинг “Сабот” фильми бош мукофот учун курашди. Фильмда бош қаҳрамон ролини ижро этган Карим Мирҳодиев “Энг яхши эркак роли” номинациясида ғолиб деб топилди.
Бундан ташқари, Абдуазим Илҳомжонов ва Ботир Абдураҳмоновларнинг “Она” қисқа метражли фильми ва Жаҳонгир Қосимовнинг “Карвон” бадиий лавҳаси фестивалнинг турли йўналишларида иштирок этди.