ТОШКЕНТ, 6 июл — Sputnik. Португалия парламенти жума куни корридани тақиқлаш тўғрисидаги қонунга қарши овоз берди.
Тегишли қонунчилик лойиҳаси Одамлар, ҳайвонлар ва табиат партияси депутати Андре Силва томонидан тақдим этилган эди. Силва қонунчилик органида ушбу сиёсий кучнинг ягона вакили бўлиб, у анъаналар "ҳайвонларнинг эркинлиги, ҳаёти ва жисмоний ҳамда руҳий дахлсизлигидан устун бўла олмаслиги"ни ҳимоя қилиб келади.
Корридани тақиқлаш учун 230 депутатдан атиги 31 нафари овоз берган.
Йиғилишда чиқиши вақтида Силва халқ ноибларини "аксариятингизда иқтисодий манфаатлар ахлоқ тушунчасидан устун келмоқда", дея айблаган.
Испаниядан фарқли ўлароқ, Португалия корридасида 19-асрнинг ўрталаридан бошлаб хўкизни саҳнада ўлдириш тақиқланган, аммо спектаклдан сўнг ҳайвон барибир ўлдирилади.