Россияда ишлайдиганларнинг меҳнат стажи Ўзбекистонда ҳам ўтади

2018 йил 1 августдан хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқаролар томонидан энг кам иш хақининг тўрт ярим баравари миқдорида йиллик суғурта тўловларини ихтиёрий равишда тўлаш тартиби жорий этилади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 июл — Sputnik. Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида қарорида хорижда фаолият юритувчи фуқароларнинг иш стажлари Ўзбекистонда ҳисобга олиниши тартиби белгиланган, деб хабар қилмоқда Спутник Ўзбекистон мухбири.

Ўзбекистонда хусусий компанияларга фуқароларни чет элга ишга жўнатиш ҳуқуқи берилди

Ҳужжатда қайд этилишича, хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига энг кам иш хақининг тўрт ярим баравари миқдорида йиллик суғурта тўловларини ихтиёрий равишда тўлаш тартиби жорий этилади, бунда тўловлар амалга оширилган даврлар белгиланган тартибда меҳнат стажига қўшилади.

Шунингдек, 2018 йил 1 августдан хусусий меҳнат шартномалари бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда ихтиёрий рўйхатдан ўтиш таомилини жорий этган ҳолда, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби бекор қилинмоқда.