Таҳқирланган аёл: Санъат Умаровга ҳеч қандай даъвом йўқ

Ҳозирда С.Умаров ушланган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 июл — Sputnik. "Xabar.uz" нашри жабрланган аёл, каттақўрғонлик Н.Т. билан боғланиб, у билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Унинг айтган сўзларини қуйида эътиборингизга ҳавола этамиз.

Санъат Умаров иши юзасидан Бош прокуратура расмий баёнот берди

"Ёшим 31 да. Икки нафар вояга етмаган фарзандим бор. Турмуш ўртоғим икки йил аввал вафот этган.

Мен Каттақўрғон туманидаги қишлоқларнинг бирида яшайман. Интернетда видеоси тарқалган воқеа 3 июнь куни содир бўлди.
Уйга бозорлик қилиш учун борган пайтим бир милиция ходими тўхтатиб, аввал бозордаги кабинетига олиб келди. Кейин икки нафар милиция ходимига қўшиб шаҳар ички ишлар бўлимига жўнатиб юборди. Санъатга ўша ерда рўпара қилишди.

Очиғини айтганда, илгари ёмон йўлга кириб, ўғриликни одат қилганим учун бир неча бор судланганман. Бозордаги милиция ходимларининг мени таниб қолгани ҳам шундан. Лекин анча бўлди, бу одатни ташлаганман, деҳқончилик билан шуғулланаман.

Улар мени ушлаб "мелисахона"га юборганини ҳам бир пайтлар йўл қўйган хатоларимга ўйладим — қайсидир жиноятда мендан шубҳаланаётгандир деб ўйладим.

Шаҳар ички ишлар бўлимига олиб келишгандан сўнг Санъат Умаров менга ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ "сен ўғрилик қилиб юрибсан", — дея ҳақорат қила бошлади. "Уйда болаларим кутиб ўтирибди, мен ҳеч нарса қилмадим" десам ҳам қулоқ солмади.

У видеога олишдан олдин бир-икки марта оёғимга тепди. Шунга қўрқиб қолдим. У кийимларимни ечишга мажбурлаб, ўзи видеога олди. Яланғоч ҳолда бозорга олиб бормоқчи эди, ялиниб-ёлворганимдан кейин навбатчи милицияларнинг олдигача олиб бориб, изимга қайтарди. Кейин соат бешгача ушлаб ўтириб, қўйиб юборди.

Менинг Санъат Умаровга ҳеч қандай даъвом йўқ. Чунки Каттақўрғонда икки боламдан бошқа ҳеч кимим йўқ. Булар билан душманлашсам, ўзимга, болаларимга зиён етказишидан қўрқаман. Шунинг учун ҳеч қаерга шикоят ҳам қилганим йўқ.

Вилоят прокуратурасига шикоят қилганим йўқ. Лекин мен танимайдиган бошқа одамлар мурожаат қилишибди. Мени чақириб, воқеа қандай бўлганини тушунтириб беришимни сўрашди. Бўлган воқеаларни ёзиб бердим, бор гап шу", — дейилган хабарда.