ТОШКЕНТ, 5 июл — Sputnik. Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий сайтида ўзбек аёлини ечинтирган тезкор ходим Санъат Умаров иши юзасидан расмий баёнот эълон қилинди, деб хабар бермоқда Спутник Ўзбекистон мухбири.
Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, 03.06.2018 йил соат 10:00 ларда фуқаро Н.Т. Каттақўрғон шаҳрининг "Деҳқон бозори"да бўлган вақтида шаҳар ИИБ ходимлари уни ўғрилик қилганликда гумон қилиб, шаҳар ИИБ маъмурий биносига олиб келишганлиги аниқланган. Шаҳар ИИБ тезкор вакили С.Умаров унга ўғрилик қилиш мақсадида бозорга келганлигини айтиб, уни ҳақорат қилган. Сўнг ИИБ маъмурий биносининг коридорида Н.Т. нинг эгнидаги барча кийимларини ечишга мажбур қилиб, бу ҳолатни ўзи видеотасвирга олган.
2018 йил 4 июль куни Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан Каттакўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили С.Умаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда С.Умаров ушланган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, Каттақўрғон шаҳар ИИБда мазкур ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.