ТОШКЕНТ, 5 июн — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 июль куни ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида "Ёшлар Иттифоқи"ни кескин танқид остига олди, деб хабар бермоқда Спутник Ўзбекистон мухбири.
Шунингдек, жойлардаги 4 та сектор раҳбарларининг кўпчилиги ҳали ёшлар масаласи билан тўла шуғулланмаётгани қайд этиб ўтилди.
Ички ишлар идоралари, маҳалла қўмиталари, бошқа жамоатчилик ташкилотлари ва таълим муассасаларининг ҳам бу борадаги ишлари кўнгилдагидек эмас. Туман (шаҳар) ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, туман ички ишлар бўлими бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари ишини ҳам қониқарли, деб бўлмайди. Баъзи ҳолларда эса ёшлар бўйича масъул лавозимлар вакант бўлиб қолмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида содир этилган 17,5 минг жиноятнинг қарийб 31 %и ёшлар ҳисобига тўғри келмоқда. Ўзбекистон бўйича жиноят содир этган 22 минг шахснинг 11 минг нафарини ёшлар ташкил этиб, бу кўрсаткич Андижон, Бухоро, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида, айниқса, юқорилигича қолмоқда.
Қашқадарё вилоятида жиноят содир этган ёшларнинг 70 фоизини ўқимайдиган ва ишламайдиганлар ташкил этган. Бу кўрсаткич Андижон вилоятида 57, Сурхондарё вилоятида 43, Жиззах вилоятида 42 фоизга тенг.
Нафақат уюшмаган ёшлар, балки коллеж ва мактаб ўқувчилари орасида ҳам жиноятларни сезиларли даражада камайтириш таъминланмаяпти. Жорий йилнинг ўтган даврида жами 371 ўқувчи жиноят содир этган. Коллеж ўқувчилари жиноятлари сони Сирдарё, Жиззах, Наманган ва Самарқанд вилоятларида кескин ошган. Мактаб ўқувчилари жинояти асосан Жиззах, Навоий, Бухоро, Сирдарё, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасига тўғри келади.
Хоразм, Андижон, Наманган, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида вояга етмаганлар томонидан қотиллик жиноятлари содир этилгани янада аянчлидир.
Жорий йилнинг ўтган даврида Тошкент шаҳрида бошқа вилоятлардан келиб, қаровсиз ва назоратсиз юрган 1 минг 700 га яқин вояга етмаганлар аниқланган, уларнинг 500 нафари мактаб ва 670 нафари коллеж ўқувчиларидир.
Шу боис Ёшлар иттифоқи, тегишли вазирлик ва идораларга ёшлар билан ишлашни такомиллаштириш, уларнинг қаровсиз ва назоратсиз қолишининг олдини олиш, улар ўртасида жиноятларни кескин камайтириш бўйича топшириқлар берилди.