ТОШКЕНТ, 4 июл — Sputnik. Ўзбекистонда халқаро интернет каналларига уланиш тезлиги cониясига 140,034 Гбит.га етди. Бу рақамлар 2 июль куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Аҳмедхўжаев раислигида вазирлик Ҳайъат кенгашининг йиғилишида маълум қилинди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати хабарига асосан.
Хабарда айтилишича, йиғилишда 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиш ҳолати, шунингдек соҳага хорижий сармояларнинг жалб этилиши ва инвестицион лойиҳаларнинг амалга оширилиши сарҳисоб қилинди.
Соҳада хизмат кўрсатиш кўлами ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 118,9 фоизга ошган. Халқаро интернет каналларига уланиш тезлиги cониясига 140,034 Гбит.га етган. Яъни, 2018 йилнинг бошига нисбатан 1,5 баробар ошган (йил бошида 94,034 Гбит/с).
Шунинг билан бирга, интернет провайдерлар учун халқаро интернет каналларига уланиш нархи ўзгаришсиз қолган — 244 985 сўмни ташкил қилмоқда.
Келгусида халқаро интернет каналларининг ўтказувчанлигини 8-10 бароварга (секундига 1 Тбит) етказиш режалаштирилган.