Ўқувчининг терисини шилиб олиш шартми?

...ота-она бунга рози бўлмайди, устоз-ку хоҳлайди, лекин мумкин эмас
Sputnik

Тарихий жараёнда миллий таълим тизими фаолиятини аниқ кўрсатиб берувчи бир гап бор: "Гўшти сизники, суяги бизники!"

"Ҳаммаси оқ қоғоздан бошланади": ХТВ раҳбари тизимдаги ўзгаришлар ҳақида
Шу пайтга қадар, бу гапнинг қанчалар даҳшатли жаранглашига эътибор қаратилмаган экан. Кўниккан эканмиз. Энди, таълим жараёни бироз эркинлашаётганда бунинг маъни-моҳиятига назар солиб, кишининг эти жунжикади.

Кўпчилик, "ўқитувчининг обрўйини ошириш" деганда айнан шу ҳолатни кўзда тутмоқда. Айтиш лозим, энди ҳеч қачон у даражага қайтилмайди.

Жамиятда ўқитувчининг обрўйи нега тушиб кетмоқда ўзи?

Биринчидан, обрўга муносиб ўқитувчининг ўзи камайиб кетди.

Иккинчидан, тоталитар жамиятда яшамаяпмиз, ҳеч ким ҳеч кимга сиғиниши шарт эмас, ҳамма эркин. Шундай бир ҳолатда бир касб эгаларининг бошқалардан кўра кўпроқ обрўга эга бўлиши ҳақида гапириш ноўрин. Хўш, жамиятда қайси касб эгаларининг обрўйи юқори?! Ҳамманики деярли бир хил. Бир қарашда бу бошқа мавзудай кўринади, лекин аслида илдизи бир: адабиёт нега бугунги кун қаҳрамонини яратолмаяпти? Касб асосий мезон, асосий восита бўлмай қолди. Жамиятда касб романтикаси йўқолди.

Учинчидан, жамиятда моддий бойликка сиғиниш, буюмпарастлик, истеъмолчилик кайфияти кучайиб, таълимга ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Болалардан пул йиғиш, ўз ойлигининг камлигидан нолиб, ишини чин кўнгилдан бажармаслик охир оқибат шу вазиятга олиб келди.

Шулардан келиб чиқиб, жамиятда ўқувчиларнинг обрўйини ошириш учун нималар қилиш лозим?

"Мустақиллик берилмайди, олинур"

Бу гапни ўзгартириб айтиш мумкин: обрўни биров бермайди. Унга муносиб бўлиш лозим!

Ўқитувчи зўрға юрибди, уни ҳурмат қилиш керак - доцент Қодиров янги қарорга изоҳ берди
Авваламбор ўқитувчи ўзини ва касбини ҳурмат қилиши лозим. Эътибор берган бўлсангиз, ҳар қандай бошланғич синф ўқувчиси ўз устозини ота-онасидан-да улуғроқ кўради. Устознинг нафақат айтганини, ҳаракатларини ҳам оқизмай-томизмай такрорлайди. Юқори синф ўқувчилари эса бунинг тескариси. Улар бошқа сайёрадан келганми? Йўқ. Булар ҳам ўшалар, аслида?

Демак, устоз секин-аста боланинг ҳурматини оёқ ости қилиб борган. Охир-оқибатда устоз ўзи ўйлаган, кутган даражадаги шахс эмаслигини тушуниб қолган ва бу нафратга айланиб кетган. Хўш, бунда ким айбдор? Ким бўлса бордир, лекин ўқувчи эмас. Бола устоздан ўзи кутган меҳрни, эътиборни ололмагач шу ҳолга келиб қолган. Балки, ўқитувчи дарсда барчага эътибор беришни уддалай олиши лозимдир. Ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмаслик керакдир! Шундай бир тизим яратиш лозимдир?

Ҳаммаси яна пулга бориб тақалади

Кишининг жамиятдаги ўрнини пул белгилайдиган бозор иқтисоди шароитида яшаяпмиз. Аччиқ бўлсаям айтиш лозим, Россияда қурилишда ишлаб келаётган йигит, тўрт йил ўқиган ўқитувчининг ойлигидан икки баробар кўпроқ топаётган бўлса, ўз-ўзидан ўқитувчининг обрўйи бўлмайди.

Лекин, бу ўқитувчининг ойлиги ошиши билан ҳаммаси изига тушиб кетади, дегани эмас. Шундай қилинса, ўқитувчилар Америкада ишлаб келаётганларга қараб, "ойлигимиз паст", деб ўтираверади. Глобаллашув жараёнида яшаяпмиз, ахир.

Ўзини бошқалар билан таққослайверган одам ютқазади. Бунга ишониш қийин бўлса-да, касб романтикасини яратишга уриниб кўриш лозим. Бунга эса яхши, оммабоп бадиий асарлар, фильмлар, видеофильмлар орқали эришиш мумкин. Бу ҳолатда кишини ўйлантирадигани — ижодкорлар "давлат буюртмаси" деса таваккалдан чўчиб, совуқдан совуқ, расмий давраларда айтиладиган гаплардан тузилган, биров кўрмайдиган, ҳужжатли фильмга монанд асарлар яратишади.

Тенгҳуқуқлилик тамойилига путур етмаслиги керак

Таниқли устоз Омонулла Маъдаев ўқитувчиларнинг обрўйини кўтариш учун эркак ўқитувчиларнинг иш ҳақини ошириш керак, деган фикрда. Акс ҳолда улар таълим тизимидан кетиб қолмоқда.

Ўйлашимча, ҳукумат бу даражага бормайди. Чунки тенгҳуқуқлилик тамойилига путур етади. Умуман, жудаям кўпчилик шу фикрда. Бунинг асосида эса "таълимда зўрлик ишлатилиши лозим, болалар мажбурлаб ўқитилиши керак", деган ғоя ётади. Албатта, "мажбурий таълим" бўлгандан кейин мажбураш керак-да! Шу ўринда "мажбурий" деганини устозлар бошқача тушуняптилар. Ҳар ҳолда бу ўқиманганнинг бурнини ерга ишқалаш, дегани эмас.

Болаларни ўқишга мажбурлашни бас қилиш фурсати етди

Ўқимаганларни ерга уриб, хўрлайвериш шарт эмас. Жамиятга нафақат билимли, балки иродали, қайсар, ўз фикрини бошқаларга уқтира оладиганлар ҳам керак. Қолаверса, ўқиш жазолаш воситаси бўлиб қолган экан, болаларда унга интилиш пасайиши табиий ҳол. "Гўшти сизники, суяги бизники" дейилган гапда ҳам, бола манфаати умуман акс этмайди ва бу шуниси билан даҳшатли.

Шавкат Мирзиёев: "Ўқитувчи касби дунёдаги энг улуғ ва шарафли касб"

Совет таълимида бир тизим бўлган: ўқимайдиган, "иккичи"ларни мактабдан олиб, касб-ҳунар ўқув юртларига юборишарди (негадир ушбу ўзини оқламаган ҳолат бутун миллий таълим тизимига кадрлар тайёрлаш миллий дастури сифатида жорий этилди, лекин бу бошқа масала).

Балки, 9-синфдан кейин ўқишни истамайдиганларни ўқитмай қўя қолиш керакдир? Ёки шу синфдан сўнг мактабда ўқишни давом эттириш учун имтиҳон топшириш белгилаб қўйилар. Бир пайтлар "12 йиллик бепул таълим Ўзбекистондан бошқа бирор бир давлатда йўқ", деб мақтаниш кўп бўларди. Ростдан ҳам йўқ бўлса, ўзини оқламагандир? Бўлмаса болаларини Ўзбекистончалик ўқимишли бўлишини исайдиган, бунга иқтисодий имконияти ҳам етарли давлатлар камми? Сир эмас-ку, лицей ва коллежлар шунчаки расмиятчилик учун фаолият кўрсатиш даражасига тушиб қолган эди. Ўқишни истаганларнинг ҳаммаси репетиторга қатнайди.

Олий таълим тизимни тубдан ўзгартириш лозим

Олий таълимда ўқишга киришнинг қийинлиги ва ўқиб битиришнинг деярли мажбурийлиги тизимни издан чиқариб, ҳар хил салбий ҳолатларга сабаб бўлмоқда. Ахир амал-тақал қилиб ўқишга кирилса, албатта битириб чиқади. Тартиб-қоидаларга амал қилса етарли. Мазкур тизимни тубдан ўзгартириш ва ўқишга киришни осонлаштириш, квоталар сонини ошириш, ўқишни эса қийинлаштириш лозим.

Ўқишга кирганларнинг ҳаммасиям диплом олиши шарт эмас. Фанларни ўзлаштирмаганларни аёвсиз равишда талабалар сафидан четлатиш тартиби жорий этилса, кўплаб муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлади. Фақат, якуний имтиҳонларни таълим берган ўқитувчининг ўзи олмагани маъқул. Унда "яқиндагина жорий этилган, талабларнинг ўзлаштириши учун домлаларнинг жавобгарлиги масаласи нима бўлади?" деган савол туғилади. Бунинг ҳам йўли бор — ўқишдан четлатилган талаба учун домланинг фаолияти баҳоланмаса бас. Чунки ўқишни истамаслик домланинг фаолиятига таъсир қилмасин.

Ўқитувчиларнинг иш натижаларини баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилиши лозим. Баҳолагандаям, болаларнинг умрини ўтказиб юбориб, чаласавод қилиб бўлгандан кейин эмас, мунтазам, даврий равишда. Юқорида айтилган баҳолаш тартиби фақат олий ўқув юртлари учун.

Биз ҳавас қилардик ўқитувчининг кийган кийимига қараб - доцент Қодиров билан суҳбат давоми
Мактаб ўқитувчилари ҳам ўз ишларига жавоб берса яхши бўларди. Врач нотўғри даволаб, кимнингдир ҳаётига зомин бўлса, жавобгарликка тортилади, судья адашиб, нотўри ҳукм қилса, жазо берилади, журналист билиб-билмай нимадир ёзса, жазоланади…

Терговчи бировга айб қўйгунча, "иш"ни юзлаб одамларнинг чиғириғидан ўтказади… Қисқаси, ҳар қандай касб эгалари ўз иши учун жавобгар (ҳатто энг кам маош оладиган фаррошлар ҳам), фақат ўқитувчигина ўз иши натижасига жавоб бермайди. Йигирма-ўттиз йиллаб болаларга дарс бериб, бир-неча авлодни чаласавод қилиб юбораётган ўқитувчининг мушугини биров "пишт" демайди. Тўғри, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш тизими жорий этилди ва бу устозларнинг норозилигига сабаб бўлди (мажбурлаб ўқитиш ҳатто устозларгаям ёқмайди, болаларни-ку қўяверасиз). Қолаверса, бу уларнинг илмини оширишга уриниш эди, ишини баҳолаш эмас.

Болаларни мактабга қайтариш лозим

Тўғри, тушунамиз, биламиз, бозор иқтисоди… Ота-она фарзандини яхшироқ ўқитишни хоҳлайди. Ўқитувчилар эса қўшимча даромад истагида. Оқибат — репетиторлик. Лекин репетиторларнинг барчасиям билимли, ўз ишининг устаси эмас. Мактабда бўлгани каби, болаларни алдаб юрганлари кўп…

Мактабдаги устознинг эса дарс бериш салоҳияти, юқорида айтилгандай, баҳолаб борилса, ота-онанинг мактабга ишончи, боланинг эса меҳри ошса керак.

Ота-онанинг ҳам мактабга, устозга ишончини, ўзаро ҳурматни ошириш фурсати келган

Улар боласини етаклаб келиб, "икки" қўйган устозни ер билан битта қилиб кетиш одатини бас қилмасалар, таълимда ўзгариш бўлмайди. Бунинг ҳам ўз сабаби бор. Мактаб жамғармасига пул тўлаб қўйгандан кейин, иддао қилади-да. Бунинг ёмон томони — бир ёнда устоз пул сўрайди, бир ёнда ота-она устозни қарғаган, бола ўртада сарсон. Шундай ҳолатда ўртада ўзаро ишонч ва ҳурмат қолишига умид йўқ. Ўзи нима керак шу "мактаб фонди"? Наҳотки синфдаги тўртта тувакгул, парда ва бўялган пол ўзаро ҳурмат, боланинг нозик кўнглидан устун бўлса.

Мактаб битирувчиларига олтин ва кумуш медаллар бериш тикланиши мумкин

Назаримизда бола чиройли хонада ўтириб, устозидан нафратлангандан кўра, оддий хонада устозидан фахрланиб билим олгани маъқул.

Лекин фақат моддийликка берилган катталарга буни уқтириб бўлармикан? Адоғи йўқ комиссияларга мактабнинг эмас, таълимнинг ҳолати муҳимлигини уқтириб бўладими?

Пул аралашган жойда нозик туйғуларга ўрин қолмайди. Ҳатто таълимдаям шундай!

Хуллас, тарихда таълим тизими боланинг терисини-ку шилиб олган, ҳатто гўштигаям эга чиққан экан, энди ота-она бунга рози эмас, устоз-ку ўша тартибни қўмсайди, лекин мумкин эмас. Демак келишиш, ҳар икки, йўқ, уч томонга маъқул услублар топилиши лозим.