ТОШКЕНТ, 2 июл — Sputnik. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 июндаги қарори билан 2018-2019 йилларда Самарқанд вилоятини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди, деб хабар қилди Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" Telegram-канали.
Қабул қилинган дастур қуйидагиларни ўз ичига олади:
— дастурнинг асосий йўналишлари ва умумлаштирилган кўрсаткичлари;
— саноатни ривожлантириш бўйича тадбиркорлик лойиҳалари манзилли рўйхати;
— қишлоқ хўжалигининг асосий тармоқларини ривожлантириш бўйича тадбиркорлик лойиҳаларининг манзилли рўйхати;
— хизматлар ва сервис соҳасини ривожлантириш бўйича тадбиркорлик лойиҳаларининг манзилли рўйхати;
— муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ирригация тизимини янада ривожлантириш тадбирлари;
— ичимлик суви ва оқова сув тармоқларини янада яхшилаш тадбирлари;
— таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва бошқа ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мукаммал таъмирлаш тадбирлари;
— республика ва маҳаллий бюджет маблағларидан қўшимча равишда молиялаштириладиган тадбирлар.
Дастур доирасида саноатни ривожлантириш бўйича қиймати 4 млрд сўмдан ортиқ бўлган 203 та, қишлоқ хўжалигини асосий тармоқларини ривожлантириш бўйича қиймати 1 млрд сўмдан ортиқ бўлган 130 лойиҳалар амалга оширилади.