Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшларини табриклади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшларини Республикада илк бор нишонланаётган Ёшлар куни билан табриклади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 июн – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшларини Республикада илк бор нишонланаётган Ёшлар куни билантабриклади.

“Қадрли ёшлар, азиз ўғил-қизларим!

Сизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни мамлакатимизда биринчи марта нишонланаётган қутлуғ айём – Ёшлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман”, — дейилган табрик сўзининг бошланишида.

Ёшлар етакчиси фақат ютуқлар эмас, муаммолар ҳам борлигини тан олди

Президент табрик сўзида ёшларнинг демократик Ўзбекистон давлатини барпо этишдаги муносиб иштирокини миннатдорлик билан эътироф этган ҳолда давлат томонидан ҳам ёшларнинг орзу-интилишлари ҳамда қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича улкан ишлар амалга оширилаётгани қайд этилган.

Хусусан, ўтган бир йил давомида Ўзбекистонда мутлақ янги тузилма – Ёшлар иттифоқи таъсиси этилгани, ҳамда ёшлар ҳаётига бевосита тааллуқли бўлган 20 дан зиёд қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани айтиб ўтилган.

Иккинчидан, ўтган йил давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тавсияси билан 4 минг 300 га яқин йигит-қизларга 216 миллиард сўм имтиёзли кредитлар берилгани, 184 минг 300 дан зиёд ёшлар иш билан таъминлангани қайд этилган.

Учинчидан марказий ва маҳаллий ҳукумат раҳбарларнинг ёшлар билан мулоқотлар олиб бориши ижобий анъанага айланиб бораётгани ҳамда кўплаб ёшлар вазирлик ва идоралар, йирик компания ва банклар, хўжалик бирлашмаларига масъул лавозимларга тайинланаётгани ҳам таъкидланган.

Президент ўз табрик сўзида хорижда яшаётган ёшларни ҳам эсга олиб ўтган.

“Биз – барчамиз, қаерда бўлмайлик, ягона Ўзбекистон фарзандлари эканимизни англаб, шу буюк туйғуни эъзозлаб яшасак, албатта кам бўлмаймиз <…>  

Хорижий давлатларда ўқиб, меҳнат қилаётган барча юртдошларимиз, биринчи навбатда ёшларимизнинг билими ва имкониятларини Ватанимиз равнақи йўлида бирлаштириш биз ўз олдимизга қўйган мақсадларга тўла жавоб беради”, — дейилган президент табрик сўзида.

Президент табрик сўзининг сўнггида давлат  томонидан ёшлар равнақи учун амалга оширилаётган сиёсат ҳеч иккиланмасдан давом этиши ҳамда ёшлар ҳам бунга жавобан ўз ота-оналари кутаётган орзу-умидларини амалга оширишда давом этишлари кераклиги айтиб ўтилган.

“Сиз, жондан азиз ўғил-қизларимиздан фақат битта илтимосимиз, битта тилагимиз бор: ота-оналарингиз, устоз-мураббийларингиз, халқимизнинг сизлардан кутаётган орзу-умидларини амалий ишлар билан рўёбга чиқариш йўлида ҳорманг, чарчаманг! <…>

Ҳамиша соғ-омон бўлинг, азиз фарзандларим!”, — дейилган президент табрик сўзининг сўнгида.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ёшлар куни муносабати билан эълон қилинган табрик сўзининг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.