Чиқиндиларни саралаб жамлаш мажбурий бўлади

Чиқинди жамлаш пунктлари кўк, яшил ва тўқ сариқ рангли қутилар билан жиҳозланади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 июн – Sputnik. Ўзбекистонда, ваниҳоят, чиқиндилар саралаб жамланадиган бўлади, дейилган Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан таклиф қилинган янги қонун лойиҳасида, Spot.uz хабарига асосан.  

Қонун лойиҳасида айтилишига кўра, ахлат жамлаш пунктларида уч хил рангдаги контейнерлар бўлади.

  • Кўк ранг – қайта ишланадиган қаттиқ маиший чиқиндилар учун
  • Яшил ранг – қайта ишланмайдиган маиший чиқиндилар учун
  • Тўқ сариқ – хавфли маиший чиқиндилар учун

Шунингдек, қаттиқ чиқиндиларни тўлиқ саралаш учун пластмасса, шиша, қоғоз ва озиқ-овқат чиқиндилари учун алоҳида рангли контейтерлар ҳам ўрнатилиши мумкин.

Шундай йўл билан сараланган чиқиндилар ихтисослашган корхоналарга қайта ишлаш учун юборилади. Чиқинди полигонларига эса, фақат қайта ишланмайдиган чиқиндилар юборилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда бундан олдин ҳам бир неча бор чиқиндиларни саралаб жамлашга уриниш бўлган эди, лекин уларнинг барчаси синов тариқасида алоҳида ҳудудларда ўтказилган ва вақтинчалик бўлган.

Бу сафар Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ушбу ишни бутун Республика бўйлаб бошлаш ва уни барча учун мажбурий қилишга қарор қилган.