ТОШКЕНТ, 26 июн — Sputnik. Тошкент ИИББ ходимлари Шайхонтоҳур туманидаги 412-мактабгача таълим муассасасида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларида қатнашмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарда айтилишича, ҳозиргача маъмурий бино ва мусиқа залининг ромлари янгисига тўлиқ алмаштирилди. Муассасага кираверишдаги ҳовуз ўрнига декоратив фаввора ўрнатилиши режалаштирилган.
Болалар майдончасидан ташқари боғча ҳудудида махсус спорт бурчаги ўрин олади. Бу ерда жажжи ўғил-қизлар футбол, волейбол ва баскетбол каби ўйинларни ўрганишади. Бир сўз билан қурилиш режасига кўра, болалар боғчасининг ҳудуди бутунлай янгича кўринишда қад ростлайди.
Қурилишда ландшафт дизайнидан кенг фойдаланиш кўзда тутилган. Лойиҳага кўра, болалар боғчаси ошхонаси аввалгидан фарқли равишда алоҳида бинода ташкил этилади. Бундан ташқари болажонлар учун йўл ҳаракати қоидаларини ўргатувчи майдончанинг ҳам барпо этилиши режалаштирилган.