Шавкат Мирзиёев автомобиль саноатидаги муаммоларни санаб ўтди

Президент бошчилигида ўтган йиғилишда Ўзбекистон автомобил саноатида тўпланиб қолган муаммолар санаб ўтилди ва уларни ҳал қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 июн - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 июнь куни автомобиль саноатига бағишланган йиғилиш ўтказди, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.

GM Uzbekistan экспорт қилинадиган машиналар нархини оширмоқчи

Йиғилишда Ўзбекистон автомобил саноатида тўпланиб қолган муаммолар санаб ўтилди. 

Хусусан, кейинги пайтларда ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми камайгани, тармоқнинг барча даражадаги бошқарувида коррупция, товламачилик, таниш-билишчилик каби иллатлар томир отиб кетгани танқид қилинди.

Ундан ташқари, “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси тизимида қарздорлик юзага келган. Ўтган йили компаниянинг бир нечта корхонаси фаолиятини зарар билан якунлаган. Автомобиллар йиллар давомида ўз таннархидан паст қийматда экспортга сотилган. Ўз навбатида, таннархни тушириш бўйича салмоқли иш қилинмагани айтиб ўтилди.

General Motors Ўзбекистондаги заводларини сотади

Шавкат Мирзиёев автомобилсозликда маҳсулот таннархини камайтириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, импортни қисқартириш бўйича топшириқлар берди. Тармоқ корхоналарини айланма маблағлар билан тўлдириш, автомобиллар ишлаб чиқариш, ички ва ташқи бозорларда сотиш тизимини такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. 

Иккинчидан, Ўзбекистонда автомобилсозлик тармоғини янада ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Учинчидан, автосалонларнинг жойлашиши ва автомобиллар тақсимотини қайта кўриб чиқиш, ички бозорда автомобилларни сотиш тизимини тартибга солиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.