"Ҳаммаси оқ қоғоздан бошланади": ХТВ раҳбари тизимдаги ўзгаришлар ҳақида

Йигирма беш йиллар олдинги даврга қайтиб, 7-8 ёш болакайларга "Катта бўлсанг ким бўласан?", деб савол берсангиз, улар сизга ҳеч ўйланмасдан "Ўқитувчи" дея жавоб бериши аниқ эди. Бугунга келиб, бу касб ўз жозибардорлигидан тўлиқ маҳрум бўлди. Бугунги ёшлар энди юрист, программист, дипломат, бизнесмен бўлишни орзу қилишади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 июн — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Бугун ўқитувчи бўлишни истайдиганлар сони кескин камайиб кетди ва бунинг ўзига яраша сабаблари бисёр. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов зиммасига ўқитувчилик касбининг чорак аср олдинги обрўсини тўлиқ тиклаш сингари муҳим ва масъулиятли миссияни юклаган.

Халқ таълими вазири этиб тайинланганининг олтинчи кунида Шерзод Шерматов илк бор журналистлар билан учрашди. Мирзо-Улуғбек туманидаги Халқ таълими вазирлиги биносида ўтказилган брифингда таълим тизими структурасида, ўқитувчилар фаолиятида юз берадиган ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.

Ўқитувчи зўрға юрибди, уни ҳурмат қилиш керак - доцент Қодиров янги қарорга изоҳ берди
Эслатиб ўтамиз, Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов ишдан бўшатилгач, унинг ўрнига тайинланган Шерзод Шерматов ўз ишини таклифлар сўраб халққа мурожаат қилишдан бошлаган эди. Мурожаатнинг учинчи кунида аҳолидан келиб тушган таклифлар сони 3 мингдан ошиб кетган. "Халқнинг бу қадар муносабати кутилмаган, ўзига яраша ҳайратланарли ҳол бўлди" — деди ўз нутқи давомида вазир.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Шерматовга Ўзбекистондаги контингент жиҳатдан энг кўпсонли вазирликка раҳбар бўлишдек масъулиятни вазифани ишониб топширар экан, "Халқ таълими вазирлиги энг муҳим вазирликлардан бирига айланиш керак" деган вазифани қўйган экан.

Таълим вазирлигининг асосий миссияси

Янги Халқ таълими вазирининг сўзларига кўра, ишни даставвал вазирликнинг асосий мақсадини белгилаб олишдан бошлаган. Ва бу саволга аниқ жавоб белгилаб олиш анчагина мураккаб кечган.

Эндиликда халқ таълими вазирлигининг бош вазифаси- юқори малакали ва ҳар томонлама баркамол авлодни етиштиришдан иборат бўлади.

"Қолган барча қиладиган ишларимизни мана шу асосий мақсадга эришишга ҳаракат қилиши керак. Шу мақсадга хизмат қилмайдиган барча ортиқча нарсалар, дейлик, ҳисоботлар йўқотилади", — деди Шерматов.

Сифат, адолат, шаффофлик

Халқ таълими раҳбари ўз чиқиши давомида вазирлик ўз фаолиятининг 3та асосий тамойилини белгилаб олганлигини маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев: "Ўқитувчи касби дунёдаги энг улуғ ва шарафли касб"
"Биринчи тамойил — сифат. Эндиликда ҳар бир қилинадиган ишда биринчи навбатда сифатга эътибор қаратилади. Бу жуда долзарб масала бўлиб турибди. Афсуски, таълим сифати масаласида қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп…

Иккинчи тамойил — адолатга келадиган бўлсак, бундан мақсад халқ ишончини қозониш. Адолат бўлмаса, халқ ишонмайди. Айнан адолат бўлгани учун, дейлик, ИНХАга ўқишга кириш учун қандай таниш-билиш топсак бўлади, деган фикр ҳеч кимнинг хаёлига келмайди", — дейди вазир.

Учинчи тамойил — шаффофлик ҳақида тўхталар экан, Шерматов у бугун барча ишда зарурлигини қайд этди.

"Ҳар бир бажарадиган ишимизда мана шу учта тамойилга асосланадиган бўлсак, олдимизга қўядиган вазифага эришишга имконият бўлади", — дея фикр билдирди Халқ таълими вазирлиги раҳбари.

Шу билан бирга янги раҳбар журналистларга ҳеч қандай ваъда беришга шошилмади.

"Бу ҳақда президентимиз (Шавкат Мирзиёев) ҳам айтиб ўтдилар, соҳада жуда катта муаммолар йиғилиб қолган. Мана янги раҳбар келди, ҳамма нарсани бир кунда ҳал қилади, деган фикрга келадиган бўлсак, бу албатта нотўғри фикр бўлади", — деди у ва ҳаммаси босқичма-босқич ҳал этилишини, айни кунда халқдан келиб тушаётган таклифларни таҳлил қилиш билан бандлигини қўшимча қилди.

Мактаб ўқитувчиларининг ойликлари оширилади ва уларга имтиёзли ипотека кредити берилади

Бугун "ботаник"лар силикон водийсини қурмоқда

Шерзод Шерматов мактабаги ўқув жараёнлари, ўқиган ва ўқимаганлар ўртасида аввал қандай фарқ бўлганлиги ҳақида тўхталади.

"Илгарилари, ўқимайдиган болалар тўполончироқ, обрўлироқ бўлишга ҳаракат қиларди ва ўқийдиган болалар устидан "ботаник" ёки "патриот" деб кулишарди. Лекин ҳозир замон ўзгариб бормоқда. Айнан "ботаник"лар ўша силикон водийсининг энг катта миллиардерларига айланишга улгуришди. Биз ҳам жамиятимизда ўқимишли одамларнинг ҳурматини жойига қўйсак, бизда ҳам мана шундай йирик мутахассислар пайдо бўлади. Ўқиган одамдан ўқимаган одам обрўлироқ бўладиган бўлса жамиятда Ўзбекистонда ҳеч қачон ривожланиш бўлмайди", — дея ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди вазир.

Вазирлик ҳаётини оқ қоғоздан бошлайди

Халқ таълими вазири ўз нутқи давомида президентдан вазирликдаги барча бошқарма раҳбарларигача олиб ташлаб, ишни "оқ қоғоздан бошлаш" бўйича кўрсатма бўлганини айтиб ўтди ва ҳозирги кунда бошқарма, бўлим раҳбарларини ишдан олиш бўйича ишлар бошлаб юборилганини маълум қилди.

"Ўйлаймиз-ки, бу осон нарсамас, бу нарсани амалга ошириш ўзига яраша қийинчиликларга олиб келади. Лекин шу ишни қилмасак, келажагимизда катта, ижобий ўзгаришлар бўлиши қийин бўлади", — деб таъкидлади вазир.

Шерматов бўлим ва бошқарма бошлиқлари қайта аттестациядан ўтказилиши ва шу аснода уларнинг бир қисми ўз жойини сақлаб қолиб, вазирликнинг янги структурасида ишини давом эттириши мумкинлигини инкор этмади.