Қозоғистонда 4 нафар бола чўмилаётиб чўкиб кетди

Болалар ота-оналари назоратисиз қолдирилган ва белгиланмаган жойда чўмилаётган бўлган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 июн – Sputnik. Ёшлари 9дан 12 ёшгача бўлган тўрт нафар бола Остона яиқинидаги Пригородний шаҳарчасидаги "Нура-Есиль" каналида чўмилаётган вақтда чўкиб кетди, деб хабар қилган РИА Новостига Қозоғистон ИИВ ФВ қўмитаси вакили Руслан Иманкулов.

Унинг хабарига кўра, болаларнинг йўқолганлиги ҳақидаги хабар қутқарувчиларга якшанба куни келиб тушган, улар шу заҳотиёқ қидирув ишларига киришганлар.

"Қидирув ишлари бугун эрталаб натижа берди. Эрталаб соат 5дан 17 дақиқат ўтганида Пригородний шаҳарчасининг "Нура-Есиль" каналидан 2006, 2007, 2007 ва 2009 йилларда туғилган болаларнинг таналари топилган ва олиб чиқилган. Болалар якшанба куни белгиланмаган жойда чўмилганликлари оқибатида чўкиб кетганлар", — деб айтган Иманкулов.

У берган маълумотларга кўра, болалар ота-оналари назоратисиз қолдирилган.