Нексия ва Тиконинг тўқнашуви фожеали тугади

Сурхондарёда йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетган “Нексия” автомобили “Тико” билан юзма-юз тўқнашди, кичик машина йўловчилари ҳалок бўлди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 июн – Sputnik. Сурхондарёнинг Шеробод туманида 23 июнь куни йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетган “Нексия” автомобили  “Тико” билан юзма-юз тўқнашуви фожеали якунланди,  деб хабар қилмоқда ИИВ матбуот хизмати.

“Тошкент шаҳар Юнусобод туманида яшовчи У.С. ўзининг “Нексия” русумли автомашинасини Гулистон маҳалласидан ўтувчи М-39 йўлининг 1394-км.да бошқариб кетаётиб қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, қаршисидан келаётган Учёғоч маҳалласида яшовчи К.Х. бошқарувида бўлган “Тико” русумли автомашинаси билан тўқнашув содир этган. Натижада “Тико” автомашинаси йўловчилари, Зарабоғ маҳалласида яшаган, А.Р. ва Пошхурт маҳалласида яшаган Б.Қ.лар олган жароҳатларидан воқеа жойида вафот этганлар”,  - дейилган хабарда.

Айни дамда мазкур ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.