Мурод Хонтўраев тергов изоляторига жойлаштирилди - ОАВ

Маълумотларга кўра, Мурод Хонтўраев Тошкент шаҳар прокурори илтимосномаси билан ҳибсга олинган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 июн — Sputnik. Жиноий ишлар бўйича Юнусобод тумани суди томонидан Тошкент шаҳар прокуратурасининг Мурод Хонтўраевга нисбатан "қамоққа олиш" тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида истимосномаси кўриб чиқилди ва қаноатлантирилди. Бу ҳақда "UzNews.uz" мухбирига Олий суд вакили Азиз Обидов маълум қилди.

Мурод Хонтўраев нега қўлга олингани маълум бўлди

Мурод Хонтўраев 1987 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти тугалланмаган олий, Плеханов номидаги Россия иқтисодий университети филиали 3-курс талабаси, оилали, икки нафар фарзанди бор, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми "б", "в" — бандларида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбланмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди 22 июн куни Мурод Хонтўраевга нисбатан "қамоққа олиш" тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган ва у УЯ 64/1-сонли Тергов ҳибсхонасига юборилган, деб маълум қилди суҳбатдош.

Эслатиб ўтамиз, илгарироқ Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот мультимедиа маркази Мурод Хонтўраев қўлга олинганлигини тасдиқлаган эди.
ИИББ хабарига кўра, Мурод Хонтўраев ҳамда бир қатор шахслар жорий йилнинг 20 дан 21 июнга ўтар кечаси Юнусобод туманидаги тунги клублардан бирида жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини бузганлик, тартибсизлик қилгани учун ушланган.

Ҳозирда, Мурод Хонтўраевга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) тартибида жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.