Лола Каримова-Тилляева АҚШда Мирзо Улуғбек ҳақидаги киноасарни ҳавола этди

Ушбу фильм Лола Каримова-Тилляева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тилляевнинг продюсерлиги остида режиссёр Баҳодир Юлдошев томонидан суратга олинган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 июн — Sputnik. АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида Шарқнинг буюк мутафаккири ва Мовароуннаҳр ҳукмдори Мирзо Улуғбек ҳаёти ва илмий мероси ҳақида ҳикоя қилувчи "Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон" тарихий ҳужжатли фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Каримов фондининг Facebook'даги саҳифасида маълум қилинди.

Ушбу фильм Лола Каримова-Тилляева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тилляевнинг продюсерлиги остида режиссёр Баҳодир Юлдошев томонидан суратга олинган.

Лос-Анжелесдаги тақдимотда 1969 йилда "Аполлон 11" миссияси доирасида Ой юзига иккинчи бўлиб қадам босган афсонавий америкалик астронавт Базз Олдрин ва тарихий кинолентада бош ролни ижро этган актёр, жаҳон киноси юлдузи Арманд Ассанте иштирок этдилар.

Лола Каримова-Тиллаева на премьере исторического документального фильма в Лос-Анджелесе.

Мазкур киноасар 2017 йилда 74-чи Халқаро Венеция кинофестивалида "Энг яхши хорижий ҳужжатли фильм" номинациясида нуфузли "Кинео" мукофотига сазовор бўлди, Италиянинг Искья оролида бўлиб ўтган халқаро кинофестивалда эса "Энг яхши ҳужжатли фильм" номинациясида ғолиб бўлди.

Шу йил сентябрь ойида "Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон" фильмини ўзбек тилида текин кўриш мумкин бўлади.