Халқ таълими вазири халқдан 3 кунда уч мингта таклиф келганини айтди

Шерматовнинг ёзишича, ҳозирги кунда Халқ таълими вазирлиги тузилмасини қайта тасдиқлаш бўйича президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 июн — Sputnik. Ўзбекистон Халқ таълими вазири этиб тайинланган Шерзод Шерматов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида халқдан 3 кун ичида 3 мингта таклиф келиб тушганини маълум қилди.

Иноятов ишдан кетди. Ўзбекистонликлар таълим тизими "оёққа туришига" умид қилишмоқда
"Президентимиз томонидан халқ таълими тизими мамлакатимиз келажаги учун энг муҳим соҳалардан эканлиги ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтилган эди. Бу ҳақиқатда халқимиз учун жуда долзарб соҳа эканлигини биргина мавжуд муаммоларни ечими бўйича одамлардан йиғилган онлайн-форма орқали юборилган таклифлар сонидан ҳам билса бўлар экан: 3 кунда 3 мингдан ортиқ таклиф келиб тушибди, хали ҳам давом этаяпти", — дейилади вазир ёзган постда.

Энди ушбу таклифларни таҳлил қилиб, уларни тизимли равишда ечимини топиш бўйича ишлаш кўзда тутилмоқда.

Шерматовнинг ёзишича, ҳозирги кунда Халқ таълими вазирлиги тузилмасини қайта тасдиқлаш бўйича президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Ушбу лойиҳада ечими тез бўлиши мумкин масалалар киритилиши айтилган.

"Янги тузилма тасдиқланиб, Вазирликда самарали ишлайдиган командани шакллантириб олганимиздан кейин эса тизимли равишда муаммолар ечими бўйича ишланади", — деб маълум қилган Шерматов.