ТОШКЕНТ, 24 июн – Sputnik. БМТ Бош Ассамблеяси “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” номли резолюцияни қабул қилди деб хабар қилмоқда Уза.
Ўзбекистон томонидан қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ушбу ҳужжатни БМТга аъзо барча давлатлар бир овоздан қўллаб-қувватлади.
Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Осиё ва Африканинг 55 мамлакати ушбу резолюция ҳаммуаллифлари бўлди. Улар орасида Австралия, Австрия, Афғонистон, Беларусь, Германия, Италия, Ҳиндистон, Индонезия, Канада, Нигерия, Норвегия, БАА, Корея Республикаси, Сингапур, Туркия, Швейцария, Эквадор ва бошқа мамлакатлар бор. Ҳужжатни ишлаб чиқиш бўйича маслаҳатлашувларда Марказий Осиёнинг барча етакчи ҳамкор давлатлари, жумладан, Россия, ХХР, АҚШ ва ЕИ мамлакатлари фаол ва конструктив тарзда иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидасўзга чиқиб — Марказий Осиё давлатларининг хавфсизликни таъминлаш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида махсус резолюция киритишни мўлжаллаганмиз, деган эди.
Резолюцияда Марказий Осиё давлатларининг минтақада тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, шунингдек, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги муҳим роли эътироф этилади. Марказий Осиё давлатларининг хавфсизлик ва тараққиёт соҳаларидаги минтақавий ва халқаро ташаббуслари алоҳида қайд этилади.
РезолюциядаБош Ассамблея минтақа мамлакатлари томонидан Марказий Осиёда барқарорлик ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаши баён этилади.
Иккинчидан, Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлаш, сув ва энергия манбаларидан унумли ва комплекс фойдаланиш, Орол денгизи қуриши билан боғлиқ экологик ва ижтимоий-иқтисодий асоратларни юмшатиш, минтақада замонавий транспорт ва транзит тизимини ташкил этиш, маърифат, фан, технологиялар, инновациялар, туризм, маданият, санъат ва спорт соҳаларидаги алоқаларни чуқурлаштириш йўналишларида икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилади.
Учинчидан, Марказий Осиё давлатларининг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётга кўмаклашишга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларига алоҳида эътибор қаратилади.
Тўртинчидан, Резолюция халқаро ҳамжамият, хусусан, БМТ тизимидаги ихтисослашган муассасалар, жамғарма ва дастурларни минтақа мамлакатлари томонидан кўзда тутилаётган Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик, интеграция ва барқарор тараққиётнинг устувор йўналишларини қўллаб-қувватлашга даъват этади.
Хулоса қилиб айтганда, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган резолюция Марказий Осиёни ҳамкорликда умумий муаммоларни ҳал қилиш, минтақа тараққиёти ва унинг кўп миллионли аҳолиси фаровонлигини таъминлашга қодир яхлит жипслашган минтақа сифатида шаклланишида муҳим босқич бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.