Ижтимоий аҳамиятга эга дорилар 20 % устама билан сотилади

Ижтимоий аҳамиятга эга дориларни белгиланган нархларда сотиш тартиби бекор қилинди. Бундан буён ушбу дорилар 15 ва 20 % устамалар билан сотилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 июнь – Sputnik. Ўзбекистонда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган дориларни белгиланган нархлардан сотиш тартиби бекор қилинди. Бу ҳақида Ўзбекистон президентининг янги қарорида айтиб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 300 дан ортиқ дорилар ва тиббий буюмлар ижтимоий аҳамиятга эга бўлган дорилар тоифасига киритилган ва уларнинг сотиш нархлари қатъий белгилаб қўйилган эди.

Дори таъминоти соҳасида давлат монополияси бекор қилинди

Бундан буён ушбу дорилар чекланган савдо устамаси қўйиш шарти билан сотувга чиқарилади. Хусусан, ижтимоий аҳамиятга эга дорилар ва тиббий буюмларга улгуржи савдо корхоналари энг кўп 15 %гача, чакана савдо корхоналари – 20 %гача устама қўйишлари мумкин бўлади.

Фақатгина ижтимоий аптекаларда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган дорилар улгуржи нархларга 10% устама билан сотилади.

Шунингдек, президент қарорида айни дамда Ўзбекистонда янги дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш ўта мураккаб жараёнлиги айтиб ўтилган, ҳамда янги ва самарали дориларни тезроқ муомалага киритиш учун, дори воситалари ишлаб чиқариш ва рўйхатдан ўтказишга талаблари кучли бўлган мамлакатларда рўйхатдан ўтказилган дориларни, Ўзбекистонда қабул қилиш тартибини ҳам белгилаган.