Шавкат Мирзиёев: Ўқитувчини ҳурмат қилмаган раҳбарни мен ҳурмат қилмайман

Бундан буён мактаблар туман, вилоят, шаҳар ҳокимликларига эмас, балки тўғридан-тўғри халқ таълими вазирлигига бўйсунади. Энди мактаб директорлари ҳокимликка йиғилишга чақирилмайди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 июн — Sputnik. Бугун, 21 июнь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов раислигидаги халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар берди "Дарё" мухбири.

Хабарда айтилишича, бош вазир ўринбосарлари ҳамда бошқа вазирликлар раҳбарлари иштирок этган йиғилишда кеча, 20 июнь куни халқ таълими вазири этиб тайинланган Шерзод Шерматов ва унинг ўринбосарлари вазифасини бажарувчилари ҳам қатнашди.

Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг мавқеи оширилади

"Абдулла Арипов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш учун берган топшириқларини йиғилиш иштирокчиларига ўқиб берди", — дейилади хабарда.

Йиғилишда "Президентимиз "Ўқитувчини ҳурмат қилмаган раҳбарни мен ҳурмат қилмайман",- дедилар. Айрим раҳбарлар ўқитувчини мажбурий меҳнатга жалб этишга ўрганиб қолган. Содда тилда айтганда, бунга улардаги "хумор" тутиши сабаб бўлмоқда. Шифокорлар тили билан айтганда "хумор"ни жарроҳлик аралашуви ёрдамида бартараф этишимиз керак", — деган Абдулла Арипов.

Қайд этилишича, бундан буён мактаблар туман, вилоят, шаҳар ҳокимликларига эмас, балки тўғридан-тўғри халқ таълими вазирлигига бўйсунади. Энди мактаб директорлари ҳокимликка йиғилишга чақирилмайди.

"Ўқитувчиларга яхши ойлик тўланмагани учун кўпчилик яхши кадрлар бошқа соҳаларда меҳнат қилишга мажбур бўлмоқда. Ўқитувчи касбининг обрўси тушиб кетганлиги боис ҳозир мактабларда деярли эркак ўқитувчилар қолмаган. Таълим соҳасини молиялаштириш масаласи Таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия, спорт ва туризм масалалари комплекси раҳбари Азиз Абдуҳакимовга топширилади. Маблағлардан мақсадсиз фойдаланишга барҳам берилиши керак", — дея таъкидлаган Абдулла Арипов.