ТОШКЕНТ, 21 июн — Sputnik. Андижон шаҳридаги 7 та марказий кўчада велосипедчилар учун умумий 28,6 км узунликдаги йўлакчалар ташкил қилинади. Бу ҳақда Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Facebookдаги саҳифасида маълум қилди.
Бир томонлама йўлакчаларнинг эни 2,25 метр, икки томонламала йўлакчаларники 3,25 метр бўлиши кўзда тутилган.
Дастлабки босқичда 500 та замонавий велосипедлар олиб келиниб, 20 та прокат маскани ташкил қилинади ва барча масканлар ягона электрон тизимга уланган ҳолда ишлайди. Бундан ташқари ушбу йўналишда ахборот технологияларини кенг қўллаган ҳолда велосипедларни ижрага олишдан тортиб уни тўловлари тўлиқ автоматлаштирилади.
Бу борада вилоят ҳокими ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш бошқармасига аниқ таклифларни ишлаб чиқиш ва бу йўналишда хорожий давлатлар тажрибасини ўрганиш бўйича топшириқларни берди.
Маълумот учун, Андижон шаҳрида 425 минг аҳоли истиқомат қилади. Қарийб 40 мингга яқин автотранспорт воситалари мавжуд. Вилоят миқёсида эса 187 мингта автоулов бор.