Саид Аҳмад ҳаёти ва ижоди

Атоқли ўзбек ёзувчиси, драматурги Саид Аҳмаднинг биографияси, босиб ўтган ҳаёт йўли ва яратган асарлари ҳақида батафсил мақоламизда танишинг.
Sputnik
Саид Аҳмад - Саидаҳмад Ҳусанхўжаев, ўзбек адабиётининг атоқли адибларидан биридир. Бўлажак ёзувчининг болалиги Тошкентда Элбек, Ғафур Ғулом Ойбек каби ёзувчи ва шоирлар даврасида ўтган ва бу унинг ёзувчи бўлиб шаклланишида муҳим аҳамиятга эга.

Саид Аҳмад биографияси

Саид Аҳмад 1920 йил 10 июнда Тошкент шаҳри “Самарқанд дарвоза” маҳалласида ўз даврининг обрўли инсонларидан бўлган Ҳусанхўжа Дадахўжаев оиласида дунёга келган.
Ёш Саид Аҳмад ўзини турли соҳаларда: рассомлик, артистлик, фотографлик, қурилиш ва ҳатто докторликда ҳам синаб кўради. Бироқ, адабиётни танлайди.
1941 йилда Низомий номидаги педагогика институтини тамомлайди ва “Муштум” журналида ишлай бошлайди. Кейинчалик “Қизил Ўзбекистон”, “Шарқ юлдузи” каби газета-журналларда турли лавозимларда меҳнат қилади.
Саид Аҳмад ҳаётига бағишланган "Сабру садоқат" сериалидан лавҳа
Ўтган асрнинг 50 йилларида Саид Аҳмад қатағон даврининг иккинчи тўлқини вақтида “аксилшўровий миллатчилар гуруҳи аъзоси, зарарли ғоялар тарғиботчиси” сифатида айбланиб 25 йилга қамалади. Саид Аҳмад Қозоғистоннинг Қараганда вилояти Жезқозғон лагерида 4 йил қамоқда ўтиради. Сталиннинг ўлимидан сўнг, “айби юмшатилади” ва озод қилинади.

Саид Аҳмад асарлари

1940 йилда биринчи муаллифлик ҳикоялар тўплами “Тортиқ” номи билан нашр этилади. Унинг “Чўл бургути”, “Лочин”, “Бўстон”, “Тўйбоши”, “Одам бўри” каби ҳикоялари ўзбек адабиётида янгилик руҳини олиб кирган. Адиб хажвчи ёзувчи сифатида бир қатор ҳикоялар ёзди ва шу билан ўзбек радио ва телевидениесида миниатюра театрига асос солди. “Хандон писта”, “Бир ўпичнинг баҳоси”, “Ханка ва Танка” ҳикоялари шулар жумласидандир.
Адибнинг “Азроил ўтган йўлларда”, “Борса келмас дарвозаси”, “Азоб” каби ҳикоялари қамоқхонада ўтган йиллар асосида яратилган.
Ёзувчининг “Йўқотганларим ва топганларим” хотиралари ўзбек адабиёти учун қимматли асар ҳисобланади. Китобда бир қатор ёзувчи ва шоирларнинг шахси ва ижодига чизгилар битилган. Жумладан, ёзувчи асарда Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода, Туроб Тўла Саида Зуннунова ҳақида хотиралари билан бўлишса, Асқад Мухтор, Одил Ёқубов, Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджон, Ўткир Ҳошимов, Неъмат Аминов сингари ўзбек адабиёти ёрқин адибларининг ҳаёти ва ижодидан қизиқарли маълумотларни сўзлаб беради.
Саид Аҳмаднинг кўпгина асарлари қардош ва хорижий тилларга таржима қилинган.
Саид Аҳмад асарлари

Саид Аҳмад "Уфқ" романи

Романнавис сифатида ҳам ёзувчи кўплаб асарлар яратган. 1964-1974 йилларда “Уфқ” трилогиясини ёзиб тугатади ва ўзбек адабиётида трилогия жанрига асос солади. Ёзувчининг устози Абдулла Қаҳҳор асарни юксак баҳолаб, ҳатто йирик адабий газетада бу ҳақида мақола чоп этади. Асар учта - "Қирқ беш кун", "Ҳижрон кунларида", "Уфқ бўсағасида" романларидан иборат бўлиб, ўтган асрнинг энг йирик воқелиги- Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги йиллардан ҳикоя қилади. Ушбу романларда адиб маҳорат билан ўзбек халқига хос олийжаноблик, меҳнаткашлик, тўғрисўзликни ёрқин бўёқларда, содда, самимий қаҳрамонлар ҳаётида кўрсатиб берган. “Уфқ” трилогияси туфайли Саид Аҳмад 1978 йили Ҳамза номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлади.
Саид Аҳмад асарлари

Саид Аҳмад "Жимжитлик" романи

1988 йилда ёзилган “Жимжитлик” романида эса шўро даврининг турғунлик йиллари ички драмалари, тузум инқирози бутун кескинлиги, шиддати билан кўрсатилган. Роман ёвузлик ва эзгуликнинг абадий курашини акс эттиради. Унда ҳар бир қаҳрамоннинг ҳаёти фожеаларга бой ва бир-бири билан узвий боғлиқ. Ва бу фожеалар сабабчиси ҳам уларнинг ўзлари эмас, балки ўша давр тузуми эканлиги адиб томонидан маҳорат билан ифода этилган.
Саид Аҳмад асарлари

Саид Аҳмад - драматург

Саид Аҳмад драматург сифатида ҳам севимли ижодкор. Айниқса, унинг “Келинлар қўзғолони” комедияси жуда машҳур. Айнан шу комедия туфайли, адиб турли мамлакатларда бўлди, дунё кезди. Комедия унга катта машҳурлик олиб келди. Комедия спектакли ҳамон Ўзбекистон ва унга қардош халқларнинг театрларида намойиш қилиб келинмоқда.
“Келинлар қўзғолони” 30дан ортиқ театр саҳналарини кўрган спектакль.
"Келинлар қўзғолони" фильмининг рус тилидаги таржимаси (Бунт невесток) постери, 1984 йил
1984 йилда таниқли ўзбек режиссёри Мелис Абзалов асар асосида кинокомедия суратга олади. Фильм совет даврида олинган энг яхши кинокомедияларидан бири бўлиб қолган. Адиб қаламига мансуб “Куёв” спектакли ҳам ўзбек театрининг олтин фондидан жой олган.

Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова

Атоқли шоира Саида Зуннунова Саид Аҳмаднинг рафиқаси бўлиб, улар биргаликда қисқа бўлсада, аммо сермазмун, бахтли ҳаёт кечиришади. Буни адибнинг хотираларида, шоиранинг эса шеърларида пайқаш қийин эмас. Адибнинг рафиқаси ҳақида ёзган “Шоиранинг феруза олами” хотиралари “Йўқотганларим ва топганларим” китобида бор.
1995 йилда Саид Аҳмад “Дўстлик”, 1990 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланади. “Ўзбекистон Халқ ёзувчиси”, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонларига сазовор бўлади.
Саид Аҳмад 2007 йил 5 декабрда вафот этади. Ёзувчи Чиғатой қабристонига дафн этилган.
2013 йил 10 июнь куни Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Миллий боғида Саид Аҳмад ҳамда Саида Зуннуноваларга ҳайкаллар ўрнатилган.
Саида Зуннунова и Саид Ахмад