ТОШКЕНТ, 20 июн — Sputnik. Тошкент шаҳрининг ҳар бир маҳалласида "Фидокор ёшлар" жамоатчилик патруль гуруҳларини ташкил қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг "Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида келтирилган.
Бу гуруҳлар таркиби муддатли ҳарбий хизматни ўташ ниятида мудофаа ишлари бўйича туман бўлимига мурожаат қилган ҳарбий хизматга чақирилувчилар; республика олий ҳарбий таълим муассасаларига, шунингдек, ички ишлар органларининг таълим муассасаларига кириш истагини билдирган номзодлар; ички ишлар органларида хизмат қилиш истагини билдирган номзодлар орасидан шакллантирилиши назарда тутилган.
Жамоатчилик гуруҳлари таркибига кириш мудофаа ишлари бўйича туман бўлимлари ёки ички ишлар органлари томонидан бериладиган йўлланмалар асосида амалга оширилади. Шунингдек, гуруҳлар улар фаолият олиб борадиган маҳалла ҳудудида яшовчи ёшлардан шакллантирилади.
Гуруҳлар фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича жавобгарлик туман ички ишлар органлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари ва профилактика инспекторлари зиммасига юкланади.
Жамоатчилик гуруҳларининг ҳар бир аъзоси сутканинг кечки ва тунги вақтида белгиланган йўналиш бўйича умумий 100 соатдан кам бўлмаган вақт миқдорида патруллик қилишга жалб этилади ва бу хизматга (ўқишга) ҳужжатларни якуний қабул қилишга асос ҳисобланади.
Ўзининг маҳалласида ҳуқуқ тартиботни таъминлашда фаол қатнашган жамоатчилик гуруҳи аъзоларига профилактика инспекторлари томонидан фуқаролар йиғинлари раислари билан биргаликда хизматга (ўқишга) танлов ўтказишда инобатга олинадиган тавсияномалар берилиши мумкин.