GM Uzbekistan автомобиллари видеорегистратор ва ЭРА ГЛОНАСС тизими билан жиҳозланади

"Биз ИИВга Ўзбекистонда ЭРА ГЛОНАСС тизимини жорий этиш таклифи билан чиқдик", – деди "Ўзавтосаноат" раҳбари.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 июн – Sputnik. GM Uzbekistan компанияси Ўзбекистонда сотиладиган автомобилларини ЭРА ГЛОНАСС тизими ҳамда видеорегистратор ва тезликни чеклаш қурилмалари билан жиҳозлайди. Бу ҳақда Podrobno.uz хабар бермоқда.

"Агар Япония мисолида оладиган бўлсак, улар энг яхши нарсаларни аввало ўз ички бозори учун ишлаб чиқаришади. Биз ўзимизга савол бердик, нима учун Россияга экспорт қилинадиган автомобилларимизга ЭРА ГЛОНАСС тизими ўрнатиладию, ўзимизнинг бозорда сотиладиганларига ўрнатилмайди. Нега ўзимизникиларни ажратиб қўйишимиз керак", – деди "Ўзавтосаноат" бошқаруви раиси Умиджон Салимов.

Унинг айтишича, бу тизим йўловчилар хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. 

"Биз ИИВга Ўзбекистонда ЭРА ГЛОНАСС тизимини жорий этиш таклифи билан чиқдик. Нега Ўзбекистонда сотиладиган автомобилларда фавқулодда хизматлар ва диспетчерни чақириш хизмати тугмалари бўлмаслиги керак. Биз буни амалга оширамиз. Ҳамма муаммо унга мувофиқ инфраструктурани яратишда, бу масала ҳозир Ахборот-коммуникация вазирлиги томонидан кўриб чиқилмоқда. Биз масаланинг техник томонларини аллақачон ишлаб чиқдик ва жорий этишга тайёрмиз", – деди "Ўзавтосаноат" раҳбари.

Ўзбекистонда Ravon бренди остидаги автомобиллар сотуви бошланди

Бундан ташқари, Салимовнинг айтишича, маҳаллий автомобилларни видеорегистраторлар билан жиҳозлаш ғояси ҳам мавжуд. Бу ҳам жуда керакли нарса, деб ҳисоблайди у.

"Тезликни чеклаш техник жиҳатдан мураккаб иш эмас. Биз автомобилни бошқарувчи компьютер блокига янги дастурни киритсак бўлди, тезлик ошганида товушли сигнал берилади", – деди у.

ЭРА ГЛОНАСС – бу ҳалокат чоғида қутқарув хизматига қўнғироқ қилиш имконини берувчи ускуна. SOS тугмаси босилганида у машинани фавқулодда хизмат оператори билан боғлайди, автомобилнинг тезлиги, ранги, унинг қаерда эканлигива бошқа маълумотларни тармоққа жўнатади.

Шунингдек, тугма ҳалокатдан сўнг автоматик тарзда ҳам ишга тушиши мумкин. Тизим зарба оқибатида SOS сигналини юборади, оператор машинага назорат қўнғироғини амалга оширади ва агарда ҳеч қандай жавоб бўлмаса, машина турган жойга қутқарувчилар юборилади.