Мактаб ўқитувчиларининг ойликлари оширилади ва уларга имтиёзли ипотека кредити берилади

2018 йил 1 сентябрдан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларининг юқори синф ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақлари 24 фоизга, бошланғич синф ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақлари эса 10 фоизга оширилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 июн – Sputnik. Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси порталига Ўзбекистон президентининг “Халқ таълими тизимидаги педагог ходимларнинг ижтимоий мавқеини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди

Нега ўқитувчига имтиёз йўқ

Лойиҳа билан педагог ходимлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, жамиятда ўқитувчиларнинг нуфузини янада ошириш ҳамда уларни ёшларга намуна ва ўрнак даражасига кўтариш кўзда тутилмоқда.

Қарор лойиҳасида жумладан, энг яхши фан ўқитувчиларини чет эллардаги етакчи таълим муассасаларига малака ошириш учун қисқа муддатли стажировкаларга юбориш, расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган дам олиш кунларида ва таътил даврларида таълим муассасалари педагогларига ўз ўқувчилари билан саёҳатлар уюштиришига қулай шарт-шароитлар яратиш, Касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан республиканинг тарихий-маданий марказлари ва ноёб табиат гўшаларига саёҳатларини ташкил этиш, таълим муассасалари педагог кадрларини давлат мукофотларига тавсия этиш салмоғини кўпайтириш, шунингдек тармоқ мукофотлари сонини ошириш, таълим муассасалари педагог кадрларини соғлиқни сақлаш органлари томонидан бир йилда бир маротаба кенг қамровли бепул тиббий кўрикдан ўтказиш кўзда тутилган.

Шунингдек таълим муассасаси ва халқ таълими бошқарув органларида 5 йилдан ортиқ фаолият олиб бораётган, ўз касбий маҳоратини намоён қилаётган, таълим сифатига муносиб ҳисса қўшаётган педагоглар учун арзон уй-жойлар қурилиши дастури доирасида уй-жой сотиб олишлари учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари бериш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларининг юқори синф ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақлари 24 фоизга, бошланғич синф ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақлари эса 10 фоизга оширилади.

Таълим муассасаларининг ўқув-тарбия жараёнига шахсий ҳисса қўшаётган, ўз касбига содиқлик ва ташаббускорлик, юқори касб даражасини намоён этаётган, ўқувчилари ҳудудий, республика ва халқаро миқёсдаги турли фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган педагог кадрларга энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробаридан 20 баробаригача миқдорида бир марталик моддий рағбатлантириш тартиби жорий этилади.

Умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчиларининг педагогик юкламаси бекор қилинади, улардан ортиқча ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилиш амалиёти қатъиян тақиқланади.

Умумий ўрта таълим муассасалари ўқитувчилари томонидан олий ва биринчи малака тоифасини олиш учун топшириладиган тест синовлари учун тўланадиган тўлов миқдорини икки баробарга камайтирилади.

Қарор лойиҳаси муҳокамаси 28 июнда якунланади.