25 миллион сўмгача бўлган кредитлар аҳолига гаровсиз берилади

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида олинаётган имтиёзли кредитни расмийлаштиришда ортиқча қоғозбозлик ва югур-югурлар талаб этилмайди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 июн – Sputnik. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида энг кам иш ҳақининг юз эллик бараваригача миқдорда бўлган кредит маблағлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини тавсияномалари асосида берилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда O‘zLiDeP матбуот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, мазкур дастур республиканинг ҳар бир туман ва шаҳрида, энг аввало, олис ва табиий-иқлим шароити оғир ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолининг моддий шароитини яхшилаш, турмуш сифати ва даражасини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Президентнинг “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида олинаётган имтиёзли кредитни расмийлаштиришда ортиқча қоғозбозлик ва югур-югурлар талаб этилмайди.

Қарорга мувофиқ, энг кам иш ҳақининг юз эллик бараваригача миқдорда бўлган кредит маблағлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини тавсияномалари асосида берилиши кўзда тутилган.

Андижонда 800 миллиард сўм кредит маблағлари аҳолига тақсимланмоқда

Дастурда илгари тадбиркорлик ва даромад келтирадиган меҳнат фаолияти билан шуғулланмаган аҳоли қатламига тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш ва тегишли фаолият турини ташкил қилишга амалий ёрдам кўрсатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Ушбу ташаббус самарадорлигини таъминлаш мақсадида тажрибали тадбиркорлар эндигина бизнес билан шуғулланишни бошлаган оилаларга бириктирилади – мини-кластерлар ташкил этилади. Қишлоқ ва маҳаллаларда бўш турган ер майдонларини янги ташкил этилаётган оилавий тадбиркорлик субъектларига ҳеч қандай монеликсиз берилади.

Дастурга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириш бўйича ташкилий ишчи гуруҳлар тузилди.

Дастурга мувофиқ тузилган Ҳудудий ишчи гуруҳлар эса бевосита аҳоли билан ишлайдиган гуруҳдир. Ҳудудий ишчи гуруҳ ҳар бир оила ва хонадонни тадбиркорлик билан шуғулланиш салоҳияти, истак ва таклифларни синчковлик билан ўрганиш, уларнинг тадбиркорлик ғояси ва кўникмасини ривожлантириш билан шуғулланади.

Бундан ташқари, тадбиркорликни йўлга қўйиш истагида бўлган шахсларга тижорат банклари томонидан кредит ажратишни ташкиллаштириш, аҳолининг шахсий томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш юзасидан таклифлар бериш ва уларни амалга ошириш ҳам Ҳудудий ишчи гуруҳларнинг вазифасидир.